18:14 | 16.01.23

                       

Қирғизистонда мамлакат номини ўзгартириш таклифи берилди

Қирғизистонлик собиқ депутат, сиёсатчи Феликс Кулов мамлакат номини ўзгартиришни таклиф қилди. Қирғизистон номини ўзгартириш бўйича мунозаралар анчадан бери мавжуд. Турли йиллар давомида сиёсатчилар ва жамоатчилик арбоболари Қирғизистон номини Қирғизистон Қўшма штатлари, Самовий тоғлар мамлакати, Қирғизлар ери, Қирғиз Халқ Республикасига ўзгартириш таклифларини берган

Қирғизистонлик собиқ депутат, сиёсатчи Феликс Кулов мамлакат номини ўзгартиришни таклиф қилди. Бу борадаги таклифни у ўзининг Facebook’даги саҳифасига ёзиб қолдирган.

Куловнинг қайд этишича, халқаро аренада Қирғизистон номини тез-тез адаштириб қўйишади. Бунга мисол қилиб у «Коинот гўзали» кўрик танловида бошловчи қирғизистонлик иштирокчини Қозоғистон фуқароси дея таништирганини келтирган. Шунингдек, унинг таъкидлашича, инглизча талаффуздаги ўхшашликлар сабаб Қирғизистонни Курдистон билан ҳам адаштиришади.

«Ўз вақтида мамлакатимизга расмий ном беришни таклиф қилгандим — худди Куба Республикаси, Коми Республикаси, Саха (Ёқутистон) Республикаси каби Қирғиз Республикаси… Сиёсий рақибларим табиийки, танқид қилишга тушди, уларнинг фикрича, масхара қилиш учун асосли сабаб топилганди. Кейинроқ бу мавзу қайта-қайта фаол равишда кўтарилди», — дейди сиёсатчи.

Куловнинг сўзларига кўра, Қирғизистон конституциясида мамлакатнинг расмий номи қуйидагича янграйди «Қирғиз Республикаси (Қирғизистон)». Агарда мамлакат номи «Республика Қирғиз»га ўзгартирилса, барча тилларда бир хил ёзилади ва жаранглайди.

«Тушунаман, ҳозирда номни ўзгартириш вақти эмаслиги ҳақида танқид қилувчилар топилади. Қўшиламан, ҳозир бунинг вақти эмас. Лекин нима сабабдан истиқбол учун муҳокама қилмаслик, келажакда эҳтимолий ўзгаришларга тайёр турмаслик керак?» — дейди сиёсатчи.

Таъкидлаш керакки, Қирғизистон номини ўзгартириш бўйича мунозаралар анчадан бери мавжуд. Турли йиллар давомида сиёсатчилар ва жамоатчилик арбоболари Қирғизистон номини Қирғизистон Қўшма штатлари, Самовий тоғлар мамлакати, Қирғизлар ери, Қирғиз Халқ Республикасига ўзгартириш таклифларини берган. Бишкекни эса Турдакун ёки Манасга ўзгартириш таклифлари ҳам янграган. Собиқ адлия вазири Марат Кайипов 2020 йилда Конституция лойиҳаси муҳокамаси вақтида мамлакат номини «Қирғиз Республикаси»га ўзгартириш таклифини берганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: