17:14 | 19.12.22

                       

Қосим-Жўмарт Тўқаев давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади

Олий даражадаги музокараларда икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинади

Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2022 йилнинг 21-22 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф дастурига мувофиқ, олий даражадаги музокараларда икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинади.

Саммит кун тартибидан Ўзбекистон—Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперацияси бўйича ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни илгари суриш, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, фаол ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш каби асосий масалалар ўрин олган.

Шунингдек, давлат раҳбарлари бир қатор йирик инвестиция лойиҳаларини бошлаб бериши режалаштирилмоқда.

Учрашувлар якунида амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича икки томонлама битимларнинг салмоқли тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президентининг таклифига биноан 12 октябрь куни Остона шаҳрига боргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё—Европа Иттифоқи саммитидаги нутқ сўзлагани маълум қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: