9:56 | 26.10.21

                       

Россия Марказий Осиёдаги 2 давлатга янги алоқа тизимларини жойлаштиради

Ундан қандай мақсадда фойдаланилиши очиқланган

Россия Мудофаа вазирлиги Тожикистондаги «201-ҳарбий база» ва Қирғизистондаги «Кант» авиабазаларига янги алоқа тизимларини жойлаштириш бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақда «Известия» хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Маълум қилинишича, Россиянинг Марказий Осиёдаги ҳарбий базаларига янги алоқа тизимларини етказиб бериш жадвали аллақачон келишилган ва тасдиқланган бўлиб, улар Марказий Осиё ҳудудида ишончли, хавфсиз алоқа ўрнатиш ҳамда рақамли ахборотни узатиш имконини беради. Келажакда технология ҳатто минтақанинг энг чекка ҳудудлари билан ҳам маълумот алмашиш имконини яратади.

Қайд этилишича, йил охиригача Тожикистонда «201-ҳарбий база»ни янгилаш тугалланади. Ускуналар билан нафақат ҳарбий базанинг алоқа батальони, балки бошқа бўлинмалар ҳам таъминланади. «Кант» базасини таъмирлаш 2022 йилга мўлжалланган.

Хабарга кўра, Россиянинг Марказий Осиёдаги ҳарбийлари қўмондонлик-штаб машиналари, сунъий йўлдош ва радиорелей станцияси ҳамда техник воситаларни олади. Янги технология тоғли ҳудудларда рақамли маълумотлар узатилишини таъминлаши режалаштирилган.

Аввалроқ Россия Тожикистондаги ҳарбий базасига янги қуроллар жойлаштирганди. Шунингдек, Россиялик ҳарбийлар Тожикистондаги ҳарбий базада жанговар машғулот ўтказган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: