18:27 | 15.04.24

                       

Россияда ўзбекистонликлар иштирокида оммавий муштлашув бўлди

Россияда ўзбекистонликлар иштирокида оммавий муштлашув бўлди. Қурилиш майдончасидаги жанжал ҳақида Bugun.uz'га батафсил маълумот берилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги меҳнат мигрантлари иштирокида юз берган муштлашув юзасидан Bugun.uz’га батафсил маълумот берди.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда Россиядаги меҳнат мигрантлари ўртасида оммавий муштлашув юз бергани, унда Ўзбекистон фуқаролари бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Москва шаҳри Тагилск кўчасида жойлашган қурилиш майдонида юз берган муштлашувда Ўзбекистон фуқаролари иштирок этган.

Қурилиш материаллари нотўғри тақсимоти сабабли «Эверест» корхонаси ишчилари ўртасида ўзаро келишмовчилик оқибатида юз берган муштлашув иштирокчиларининг ички ишлар бўлимига олиб кетилганлардан 10 нафари Ўзбекистон ва 13 нафари Тожикистон фуқаролари ҳисобланади.

«Ушбу ҳодиса оқибатида ҳеч ким оғир тан жароҳати олмаган ва тиббий ёрдамга мурожаат қилмаган. Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган юртдошларимиздан маҳаллий қонун-қоидаларга риоя қилиши ҳамда бошқа давлат фуқаролари билан ўзаро ҳурматда бўлиши сўралади.

Қўлга олинганларга баённома расмийлаштирилиб, маъмурий жарималар тайинланган», дейилади хабарда.

Аввалроқ РИА новости муштлашув иштирокчилари орасида 14 нафар Ўзбекистон, 16 нафар Тожикистон фуқароси бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: