12:43 | 11.02.24

                       

Самарқандда истеъмолчилар энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиши оқибатида тизимга 5 млрд сўмлик зарар етказилди

Энергетика вазирлиги ва тегишли ташкилот ходимлари томонидан Самарқанд вилоятида назорат тадбирлари ўтказилган. Унда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилган 23 та ҳолат аниқланди.

Энергетика вазирлиги Самарқандда сўнгги 3 кунда айрим истеъмолчиларнинг энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиши оқибатида тизимга 5 миллиард сўмлик зарар етказилганини хабар қилди. 

Маълум бўлишича, 7–9 февраль кунлари Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзенергоинспекция» томонидан Бош прокуратура, ИИВ, ҳамда электр ва газ таъминоти корхоналари ходимлари билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида назорат тадбирлари ўтказилган. Унда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилган 23 та ҳолат аниқланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тизимга 5 миллиард сўмлик зарар келтирилган. Хусусан, Пахтачи туманида «Х.Қ.С.» МЧЖга қарашли иссиқхона табиий газдан ноқонуний фойдаланиши натижасида 3,3 миллиард сўм зарар етказилган.

Ургут туманида эса «С.Н.» МЧЖга қарашли ишлаб чиқариш цехининг трансформатори ўзбошимчалик билан алмаштирилган бўлиб, ушбу ҳолат бўйича 700 миллион сўм миқдорида қайта-ҳисоб амалга оширилди.

Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: