12:05 | 06.06.24
Самарқандда юк машинаси аёл ва унинг икки нафар боласини босиб кетди. Болалар воқеа жойида вафот этган (видео).
Самарқанд вилояти ЙҲХБ ахборот хизмати Нуробод туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси тафсилотларини очиқлади.
Маълум қилинишича, ЙТҲ 2024 йил 4 июнь куни соат 16:30ларда Нуробод тумани «Меҳнаткаш» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи «Самарқанд-Ғўзор» А-378 автомобил йўлининг 35-километрида содир бўлган. 1999 йилда туғилган П.Ё. ўзининг бошқарувида бўлган «КамАЗ-53212» русумли юк автомашинасида пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган Ж.Ф. ва унинг 2 нафар вояга етмаган фарзандларини уриб юборган.
Оқибатда 2 нафар вояга етмаганлар олган тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этишган. Уларнинг онаси Самарқанд тумани марказий шифохонасига ётқизилган. Аниқланишича, болалар 2018 ва 2020 йилларда туғилган.
Мазкур ҳолат юзасидан шу куни Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳайдовчи жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланиб, ЖПКнинг 227-моддаси тартибида ушланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: