17:13 | 09.08.24

                       

Шавкат Мирзиёев Япония Бош вазири билан телефонда гаплашди

Шавкат Мирзиёев Япония Бош вазири билан телефонда гаплашди. Президент Япониядаги зилзиладан хавотир билдирган.

Ўзбекистон ва Япония етакчилари телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев 9 август куни япон томонининг ташаббуси билан Япония Бош вазири Фумио Кишида билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат раҳбари Япониянинг жануби-шарқида кучли зилзила рўй бергани ва цунами кутилаётганидан хавотир билдирди.

Ўзбекистон Япония томонининг «Марказий Осиё + Япония» биринчи саммитини ўтказиш ва Бош вазир Кишиданинг жорий йил 10-11 август кунларига режалаштирилган мамлакатимизга расмий ташрифи муддатларини кўчириш тўғрисидаги қарорини тўлиқ тушуниши таъкидланди.

Тайёргарлик тадбирларини давом эттириш ва ташрифни ташкил этишнинг янги муддатларини дипломатик каналлар орқали келишишга аҳдлашиб олинди.