16:58 | 25.01.24

                       

Шавкат Мирзиёев Жиззахда электромобиллар ишлаб чиқаришга старт берди

Ўзбекистон Президенти Шэнчжэн шаҳрида BYD компанияси бош қароргоҳи ва технологиялар марказига борди. Давлат раҳбарига Yangwang U8 автомобили совға қилинди.

Давлат ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Шэнчжэн шаҳрида Хитойнинг етакчи BYD компанияси бош қароргоҳи ва технологиялар марказига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ушбу компания замонавий инновацион автомобиллар ва янги авлод аккумулятор батареяларини ишлаб чиқариш соҳасида глобал пешқадамдир.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ташриф чоғида компания ютуқларига бағишланган кўргазма, автомобиллар ва бошқа турдаги техникаларнинг ишлаб чиқарилаётган ва истиқболли моделлари, компаниянинг янги технологиялари ва илғор ишланмалари намойиши бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари компания президенти Ван Чуанфу билан бирга Жиззах вилоятида йилига 50 минг дона гибрид ва электр автомобилларни йиғиш бўйича лойиҳани ишга туширишга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.

Президент яқин истиқболда бозордаги талабдан келиб чиқиб моделлар қаторини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш қувватини йилига 300 минг донагача ошириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Шунингдек, компаниянинг Ўзбекистонда BYD электр автобусларини йиғишни йўлга қўйиш, эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш ва муҳандислик-сервис марказларини ташкил этиш борасидаги режалари қўллаб-қувватланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ташриф чоғида компания Ўзбекистонга 10 мингинчи автомобилини етказиб берганининг рамзи сифатида Ўзбекистон раҳбарига Yangwang U8 автомобили ҳадя қилинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: