8:39 | 19.04.24

                       

Сирдарёда 34,3 млрд сўмлик электр энергиясини ўғирлаган майнинг ферма аниқланди

Сирдарёда майнинг ферма 34,3 млрд сўмлик электр энергияни ўғирлади. Талон-торож қилинган «свет» вилоятнинг 4 та туман аҳолисининг бир ойлик эҳтиёжига тўғри келади.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Сирдарёда 34,3 млрд сўмлик электр энергияни талон-торож қилган майнинг ферма аниқланди.

Қайд этилишича, ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, вилоят ички ишлар бошқармаси, «Ўзэнергоинспекция» ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ноқонуний майнинг ферма фаолиятига чек қўйилган.

Хусусан, Сирдарё туманидаги чорвачиликка ихтисослашган масъулияти чекланган жамият биносида хориждан келтирилган жами 107 дона INNOSILICON T3, Whatsminer M21S va ANTMINER S9 BITMAIN қурилмаларидан фойдаланиб, криптовалюта ишлаб чиқариш билан шуғулланилган.

Аниқланишича, ушбу мақсадда 2022 йилнинг апрель ойидан 2024 йилнинг март ойига қадар МЧЖга қарашли электр ҳисоблагичнинг иккиламчи занжирини вақти-вақти билан узиб, ҳақиқатда оқиб ўтаётган қувватни яшириш орқали ҳисоблагич кўрсаткичини сунъий камайтириш йўли билан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилиши натижасида давлат манфаатларига 34 миллиард 367 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.

Маълумот учун, талон-торож қилинган 39,3 миллион кВт электр энергияси вилоятнинг Боёвут, Сардоба, Оқолтин ва Гулистон туманлари аҳолисининг бир ойлик эҳтиёжига тўғри келади.

Ҳозирда МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: