16:28 | 16.11.23

                       

«Террорчилар пайдо бўлишининг олдини олиш учун қўшинларимиз Ғазода қолади» — Исроил президенти

Давлат етакчиси мамлакат мудофаа қўшинлари Ғазо касалхоналаридаги операциялар пайтида жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишини айтган.

Хориж манбаларининг хабар беришича, Исроил президенти Исак Герцог Ғазо секторида террорчилар пайдо бўлишининг олдини олиш учун мамлакат жуда катта кучларни анклавда сақлаб қолишга қарор қилганини айтган. 

Фото: Исроил президенти

Президентнинг сўзларига кўра, ҲАМАС билан урушдан кейин Ғазо секторини бошқариш бўйича кўплаб ғоялар муҳокама қилинмоқда. АҚШ ва Исроилнинг минтақадаги қўшнилари эса «можародан кейинги тартиб»ни яратишда иштирок этишлари керак.

«Агар биз орқага чекинсак, ким назоратни ўз зиммасига олади? Биз секторни тарк эта олмаймиз. Биз анклавни бошқариш механизми қандай бўлиши ҳақида ўйлашимиз керак» деган давлат раҳбари.

Исак Герцогнинг таъкидлашича, Исроил ҳали ҳам ҲАМАС томонидан гаровга олинганлар ҳақида ҳеч қандай маълумот олмаган. Шу сабабли, армия уларни озод қилиш учун курашишга мажбур. Шунингдек, у мамлакат мудофаа қўшинлари Ғазодаги касалхоналар яқинидаги операциялар пайтида жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишини айтган.

Президент Герцог фаластинликларнинг ўлими ҳақида қайғуришини, аммо ҳаракатда давом этиши лозимлигини ҳам айтиб ўтган.

«Ўлимлар юрагимни синдиради. Аммо мен ҳар доим эслайман, биринчи навбатда халқимизни ҳимоя қилиш учун хавфсизликни таъминлашим керак» дея қўшимча қилган Исроил етакчиси.

Маълумот учун, Исроил ва ҲАМАС уруши шу йилнинг 7 октябридан давом этмоқда. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида 1,2 минг исроиллик ҳалок бўлган, 5,4 минг киши яраланган, ҳамда 200 дан ортиқ киши гаровга олинган. Ғазода 11,1 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлган, 27,5 минг киши жароҳат олган. Ғарбий соҳилда эса 180 дан ортиқ фаластинликлар ўлдирилган, 2,7 минг киши яраланган.

Эслатиб ўтамиз, Исроил бош вазири Нетаняху Ғазода ўт очишни тўхтатиш шартларини айтиб, «гуманитар паузалар» давом этишини ҳам истисно қилмаганди. Шунингдек, Исроил ва АҚШни зудлик билан суд қилиш учун Эрон президенти Иброҳим Раисий халқаро судни огоҳликка чақирганди. Исроил мудофаа вазири эса ҲАМАС Ғазо устидан назоратни йўқотганини эслатганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: