18:03 | 12.10.23

                       

«Толибон» вакиллари Ўзбекистондан Қўштепа канали қурилишидан хавотирланмасликни сўради — видео

Канал қурилишининг иккинчи босқичи бошланди.

Кеча, 11 октябр куни «Толибон» муваққат ҳукумати томонидан қазилаётган Қўштепа канали қурилишининг иккинчи босқичига старт берилди. Бу ҳақда Tolo News хабар берди.

Фото: Tolo News

Қайд этилишича, каналнинг иккинчи босқичи очилиш маросимига борган «Толибон» вакиллари Афғонистон келажакда ўз-ўзини ғалла билан таъминлай олишини таъкидлаган.

«Ислом Амирлиги қишлоқ ва сув хўжалигига жиддий эътибор қаратиш ниятида, чунки Қўштепа канали қурилиши унинг яхши намунаси бўлганига гувоҳ бўлмоқдамиз», – дейди «Толибон» муваққат ҳукумати бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари мулла Абдулғани Бародар.

Очилиш маросимида сўзга чиққан муваққат ҳукумат вакиллари минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистонни канал қурилишидан хавотирланмасликка чақирган. Шунингдек, «Толибон» вакиллари минтақа давлатларининг хавотирларини дипломатик каналлар орқали ҳал қилишга тайёрлигини билдирган.

Фото: Tolo News

«Бунда қўшниларимизда ҳеч қандай хавотир бўлмаслиги керак. Худо хоҳласа, қанчалик кўп ишлатмайлик, Афғонистоннинг Амударёдан олишга ҳақи бўлган даражага ета олмаймиз», – дейди «Толибон» муваққат ҳукумати бош вазирининг иккинчи ўринбосари Абдулсалом Ханафий.

Муваққат ҳукумат ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Аббос Станикзай эса мабодо қўшни мамлакатларда бу бўйича хавотирлар мавжуд бўлса, «Толибон» улар билан дипломатик каналлар орқали алоқага чиқишга тайёр эканини билдирган.

Ўз навбатида, муваққат ҳукумат хавфсизлик хизмати ходимлари мазкур лойиҳа хавфсизлигини таъминлашга ваъда бериб, ҳеч кимнинг унга тўсиқ қўйишига йўл қўйилмаслигини таъкидлаган.

«Бундай лойиҳаларни амалга ошириш ортида барчамиз, айниқса, Мудофаа вазирлигининг миллий ва исломий қўшинлари турибди ва улар буни бор кучлари билан қўллаб-қувватлайдилар», – дейди «Толибон» мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид.

«Толибон» ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сирожуддин Ҳаққоний эса афғонлар ғайратли халқ экани ва улар ўз мажбурият ва ваъдаларига содиқ қолишини айтган.

«Биз чегарадан чиқмаймиз ва ўз ҳуқуқларимизни ҳимоя қиламиз», – дея таъкидлайди у.

Маълумот учун, Қўштепа каналининг 108 километрлик биринчи босқичи муддатидан бир неча ой илгари якунланган бўлиб, канал битганида унинг умумий узунлиги 285 километрни ташкил қилиши режалаштирилган. Иккинчи ва учинчи босқичда каналнинг қолган 177 километрлик қисми беш йил давомида қурилади. Канал Афғонистоннинг Балх вилоятидан бошланиб, Жузжон вилояти орқали Фарёбга қадар етказилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: