11:57 | 22.12.22

                       

Тўқаев ва Мирзиёев Тошкентдаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий мақбараларини зиёрат қилди

Қозоғистон раҳбари мақбаралар тарихи билан танишган, ободонлаштириш ишларини кўздан кечирган

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Ўзбекистонга ташрифи доирасида Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Тошкент шаҳридаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий мақбараларини зиёрат қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумотларга кўра, Шайх Хованди Тоҳур XIV асрда яшаган олим ва сўфий, Аҳмад Яссавий таълимотининг давомчиси бўлган. Инсонларни илм-маърифатга, етакчиларни тинчлик-аҳилликка чорлаган валий зот сифатида халқ хотирасида қолган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шайх мақбараси атрофи азиз қадамжога айланган. Хусусан, XVII асрда бу ерга Тўлабий дафн этилган. Қалдирғочбий деб ҳам аталадиган бу инсон қозоқ элининг бош қозиларидан ҳамда «Жети Жарғи» қонунлар тўпламининг тузувчиларидан бири бўлган.

«Ёнма-ён жойлашган бу мақбаралар ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан бирга яшагани, қардошу ҳамфикр бўлганининг яна бир далолатидир», дейилади хабарда.

Қозоғистон раҳбари мақбаралар тарихи билан танишган, ободонлаштириш ишларини кўздан кечирган. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қосим-Жомарт Тўқаев қардош халқларимизнинг умумий тарихий-маданий меросини асраб-авайлашга қаратилаётган эътибор учун Ўзбекистон Президенти ва халқига миннатдорлик билдирган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Қосим-Жўмарт Тўқаев давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келгани, Қосим-Жўмарт Тўқаев «Кўксарой»да дарахт эккани хақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: