20:00 | 25.11.22
Ушбу ГЭС лойиҳасида ҳар бирининг қуввати 22,5 МВт бўлган 4 та гидроагрегатни ўрнатиш мўлжалланган
«Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан 2022 йил 25 ноябрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида «Чотқол дарёсида қурилаётган ‘Қуйи Чотқол’» ГЭС тўғонини қуриш учун дарё ўзанини тўсиш бўйича тантанали тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда акциядорлик жамияти матбуот хизмати Bugun.uz’га хабар берди.
Маълум қилинишича, тадбирда вазирлик, идоралар раҳбарлари, Хитойнинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси вакиллари, шунингдек, орижий лойиҳа компаниялари, жумладан, Россия, Эрон, Туркия, Хитой хорижий давлатларининг лойиҳа бошқарув ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.
Тадбирни Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев очиб бериб, вилоятда амалга оширилаётган мазкур йирик гидроэнергетик иншоот хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Чотқол дарёсида амалга оширилаётган йирик лойиҳанинг вилоят энергетика тизимида муҳим аҳамият касб этиши, вилоят аҳолисини экологик тоза ва арзон электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилиши борасида ўз фикр-мулоҳаларини билдириб ўтди.
Шундан сўнг «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов сўзга чиқиб, гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида тўхталиб, хусусан, «Қуйи Чотқол» ГЭСининг техник хусусиятлари ва аҳамияти хусусида маълумот берди.
Таъкидлаш жоизки, барпо этилаётган ушбу ГЭС лойиҳасида ҳар бирининг қуввати 22,5 МВт бўлган 4 та гидроагрегатни ўрнатиш мўлжалланган. Гидротехник иншоотнинг ўрнатилган қуввати 90 МВт бўлиб, йиллик ўртача электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 300 миллион киловатт соатга тенг.
Шунингдек, ГЭСнинг тўлиқ ишга туширилиши 91,28 миллион куб метргача табиий газни иқтисод қилиш имкониятини беради. Қурилиши бошланаётган Қуйи Чотқол сув омборининг лойиҳа бўйича умумий баландлиги 50 метр, сув тўплаш ҳажми 6,8 миллион куб метрга тенг. Янги иншоотни 60 ой давомида, яъни 2021-2025 йилларда қурилиб, эксплуатацияга топшириш режалаштирилган. Қайд этилган кўрсатгич, келажакда ўртача 125 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади. Мазкур қуриладиган иншоотлар келажакда халқимизга 100 йил давомида хизмат қилади.
Мазкур объектнинг айнан Қуйи Чотқол дарёсида қурилиши режалаштирилганлигини сабаби, мамлакатимиздаги энг йирик сув омбори ҳисобланган Чорвоқ сув омборининг ўртача 65 фоиз гидроресурсларини айнан Чотқол дарёсидан оқиб келаётган сувлар ҳисобига шаклланишидир. Йилига ўртача 4-4,5 миллиард куб метр сув оқиб ўтади. Янги қурилаётган ГЭС йил давомида 11 ой ишлаш имкониятига эга.
Қайд этилишича, қурилиш ишлари доирасида республикада биринчи марта махсус бетон қоришмаларидан фойдаланилади ҳамда мамлакатдаги илк бетон типидаги мустаҳкам тўғон барпо этилади.
Натижада, мазкур тўғонда қуриладиган ГЭС кун давомида электр энергиясига талаб кескин ошган даврда, яъни ростловчи қувватларда электр энергияни ишлаб чиқариш имконини беради.
Қурилиш ишлари доирасида хамкорлик қилаётган хорижий компания вакиллари, хусусан, Туркиянинг «Долсар Инжирининг» компанияси консультанти Мелиҳ Ўздилим, Эрон Ислом Республикасининг U SUV ALAN Ltd директори Азиз Некзадлар сўзга чиқиб, ҳамкорлик доирасидаги амалий ишлар хусусида маълумотлар берилди.
Шундан сўнг тадбирнинг кутилган асосий қисмига старт берилди. Қуйи Чотқол дарёси табиий оқими тоннель орқали ўтказила бошланди. Бу жараёндан кўзланган мақсад, ГЭС тўғони қурилишини бошлаш ҳамда келгусида эксплуатация жараёнларида ҳам тоннель орқали сув йўналишини бошқа томонга йўналтириш имкониятини яратиш ҳисобланади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: