19:43 | 02.03.24

                       

Тошкент вилоятида уйида майнинг ферма ташкил қилиб, электрдан ноқонуний фойдаланган эркак ушланди

Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида уйида майнинг ферма ташкил қилиб, 1 млрд сўмлик электрдан ўғринча фойдаланган эркак қўлга олинди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатларни фош этишга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, фуқаро Н.И. Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри Янги боғ маҳалласидаги яшаш хонадонида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига крипто-актив ва майнинг соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун майнинг қурилмаларини тижорат мақсадларида ноқонуний улаб олгани аниқланди. У 1 млрд сўмлик 226,5 минг кВт/соат электр энергиясини ўғирлаган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Н.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми а банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини фош этишга қаратилган кучайтирилган рейд тадбирлари давом этмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: