19:26 | 01.12.23

                       

Тошкентда мафия аъзолари қўлга олинишига товламачилик, қимор ўйинлари ва бошқа қонунбузарликлар сабаб бўлган

Bugun.uz жиноий гуруҳлар томонидан Тошкентда ноқонуний ўйин автоматлари жойлашган казинолар ҳамда фақат тор доирадаги одамлар кириши мумкин бўлган покер клублари ташкил қилинганини аниқлади.

Bugun.uz махсус операциянинг барча тафсилотларини қўлга киритиб, Ўзбекистон бўйлаб махсус хизмат томонидан ўтказилган рейдлар давомида жиноий гуруҳларнинг 200 дан ортиқ аъзолари, асосий раҳбарлари қўлга олинганидан хабар топди.

Нашрнинг ишончли манбаларига кўра, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатда кучайиб бораётган жиноий олам вакилларига қарши кескин чораларни қўллашни маълум вақтдан бери режалаштириб келган. Бунга хавфсизлик кучларининг ўз агентларидан олган маълумотлари, шунингдек, турли соҳалардаги тадбиркорларнинг «кўча болларидан» босим бўлаётгани ҳақидаги кўплаб мурожаатлари сабаб бўлган.

Bugun.uz’даги мавжуд маълумотларга кўра, жиноятчилар ноқонуний қиморхоналарни тўлиқ назорат қилган. Улар ичида ҳатто ноқонуний ўйин автоматлари жойлашган казинолар ҳамда фақат тор доирадаги одамлар кириши мумкин бўлган покер клублари бўлган.

Айниқса, куч ишлатар идораларни жиноятчилар турли мансабдорларга пора бериб, уларни «сотиб олиши» орқали коррупциянинг ривожланишига ҳисса қўшиши жиғибийрон қилган. Тадбиркорлар эса асосан 90-йилларда қолиб кетган шантаж, товламачилик ва рэкетдан шикоят қилишган. Қайд этилишича, тошкентлик йирик тадбиркорлардан бири ҳам мафиянинг товламачилик ўйинлари қурбони бўлган. Жиноятчилар унинг асосий бизнесидан улуш ҳамда бошқа бир лойиҳаларидан «доля» талаб қилишган (Тадбиркорнинг исми Bugun.uz нашрига маълум бўлишига қарамасдан, ушбу маълумот тергов жараёнларига таъсир қилмаслиги учун унинг исми тилга олинмайди).

Суриштирувлар жиноят оламининг энг юқори чўққисида ўтирган – «Бахти Ташкентский» ва унинг укаси Дилшодга олиб борган. Бахти тадбиркорлардан ўлпон ундиришни йўлга қўйган.

Бу ака-укадан ташқари, жиноий оламнинг бошқа «кўзга кўринган» шахслари ҳам махсус хизматлар томонидан аниқ ва пухта режалаштирилган операция давомида қўлига олинган. Хусусан, ОАВларда «Саидаз Медгородок» лақаби билан машҳур Саидазиз Саидалиев ва унинг шериклари ҳам ҳибсга олинган.

Шу жумладан «криминал авторитет» Баҳодир Султонов — «Боҳо завхоз» ҳам қўлга олинган. Боҳо, том маънода унинг «штаб-квартирасида», чойхонада қўлга олинган. У ушбу чойхонага мунтазам равишда ташриф буюриб, ишларини шу ердан бошқариб, учрашувларни ҳам шу ерда ўтказиб келган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: