15:11 | 23.04.24

                       

Тошкентда қарийб 2 млрд сўмлик газ ўғирлаган метан заправка аниқланди

Тошкентда 1,8 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган метан заправка аниқланди. Ҳолат юзасидан МЧЖ раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Тошкент вилояти Бўка туманидаги метан заправкада бир ойда 1,8 миллиард сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бош прокуратура ахборот хизмати

Маълум қилинишича, «TRAST М.» МЧЖнинг Бўка туманида жойлашган АГТКШда электрон газни ҳисобга олиш ускуналарига ташқи таъсир кўрсатилган. Натижада ҳисоблагичларнинг электрон хотира маълумотлари йўқотилиб, табиий газни автомобилларга сиқилган газ сифатида сотиши оқибатида 2024 йил 28 февралдан 28 мартга қадар 30 кун давомида 1 миллиард 809,3 миллион сўмлик 1,27 миллион метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.

Фото: Бош прокуратура ахборот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан «TRAST М.» МЧЖ раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: