19:14 | 30.11.23

                       

Тошкентдаги мактабда ўқувчини ток уриб вафот этган майдончада аввал ҳам бошқа болаларни ток урган бўлиши мумкин

Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, икки ҳафта аввал ҳам ток уришдан бошқа ўқувчи азият чеккан, бироқ мактаб маъмурияти спорт майдончаси яқинидаги симлари очиқ қолган жойни тўғриламаган.

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги умумтаълим мактабида ўқувчи ток уриши оқибатида вафот этганди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186 (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ва 207 (Мансабга совуққонлик билан қараш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

Шу йилнинг 27 ноябр куни пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 99-сонли филологияга ихтисослашган мактабда темир панжарани қўли билан ушлаган ўқувчини электр токи уриб, бола вафот этганди.

Прокуратура ҳам боланинг мактабда вафот этганини расман тасдиқлаганди.

Дастлабки маълумотларда, ўлимга электр токи уриши сабаб бўлиб, боланинг қўлида куйиш аломатлари аниқланганди.

Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz

Дўстига ёрдам беришга шошилган фожианинг яна бир гувоҳи бўлган ўқувчининг яқинларига кўра, ерда ётган ўртоғининг ёнига борганда, уни ҳам ток урган.

Фото: Bugun.uz

Bugun.uz манбаларига кўра, икки ҳафта аввалроқ мактаб ўқувчилари спорт майдончасининг метал панжарасидан ток ураётганидан шикоят қилишган. Ҳатто бир нафар 5-синф ўғил бола ўқувчини ток уриб, жиддий жароҳат олганди ҳамда реанимацияга ётқизилганди. Бола онасининг ҳеч кимда даъвоси йўқлиги учун ҳеч қандай иш очилмаган.

Тошкент шаҳар таълим бошқармаси эса мактабдаги ўқувчининг ўлими билан боғлиқ сабабларни яширишга уриниб, расмий баёнотда боланинг ўлими электр токи уриши билан боғлиқмаслиги, балки у машғулотдан сўнг юрак хуружидан вафот этганлиги ҳақида хабар берганди.

Бош прокуратура тарқатган маълумотдан кейин эса Таълим бошқармаси боланинг ўлимида мактабнинг айбсизлиги қайд этилган пресс-релизни таҳрирлаб, ўқувчи бола ҳақиқатан ҳам металл панжарадан электр токи уриши оқибатида вафот этганини тан олиб, аввалроқ берилган расмий баёнотининг бир қисмини олиб ташлаганди.

Bugun.uz ушбу мактабда фарзанди ўқийдиган бошқа бир аёл билан суҳбатлашди. Онанинг айтишича, мактабдаги деярли ҳамма ўқувчи олдиндан ўша ерда ток уришини билишган. Бир нечта болани ўша жойда енгил ток урган. Икки ҳафта аввал ток уриш ҳолати кузатилганига қарамай, мактабдаги майдончада очиқ симли жой тўғриланиб, хавфсиз ҳолга келтирилмаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: