11:39 | 30.01.24

                       

Тошкентдаги мактабларда теракт уюштирилиши ҳақидаги ёлғон хабарлар тарқатилди

Худди шундай хабарлар аввалроқ Қозоғистоннинг Актобе шаҳрида ҳам тарқатилган ва шаҳардаги мактабларда дарслар бир кунга тўхтатилган эди.

Ижтимоий тармоқларда 2024 йилнинг 29 январ куни Тошкент шаҳридаги мактабларда оммавий қотиллик уюштирилиши ҳақидаги ёлғон хабарлар тарқалди. Хабарда Telegram каналларидан бирининг аноним муаллифлари Тошкентда оммавий қотиллик ўтказмоқчи экани, бу ишга бир йилдан бери тайёргарлик кўришаётгани ҳақида айтилади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан ушбу хабарлар ҳақиқатга мос келмаслиги маълум қилинди.

«Бу каби ёлғон хабарларни тарқатишдан кўзланган асосий мақсад — аҳоли орасида ваҳима, саросима қўзғашга эришишдир. Айни провокациялар МДҲ ҳудуди учун биринчи ҳолат эмас», дейилган расбий муносабатда.

Бу хабарлар фейк эканлиги бошидан аниқ эди. Чунки бундан уч кун аввал, 26 январ куни худди шу хабарлар Қозоғистоннинг Актобе шаҳрига тегишли Telegram каналларида ҳам тарқатилган. Хабар матнида шаҳар номидан бошқа ҳамма нарса бир хил. Шундан сўнг, 26 январ куни Актобедаги барча мактабларда дарслар бир кунга бекор қилинган. Бунга ҳатто мамлакат таълим вазирлиги ҳам муносабат билдирган.

Унда бундай хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан текширув бошлангани маълум қилиниб, ота-оналардан ваҳимага берилмаслик ва хавотирга тушмаслик сўралган. Шунингдек, шаҳардаги мактабларда хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, ўқув тадбирлари ўтказилган. Кейинроқ маълум қилинишича, Қозоғистонда сохта террорчилик акти ҳақидаги хабарларни тарқатишда гумон қилиниб, «қўшни давлатлардан бирида туғилган 18 ёшли йигит» ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бу каби хабарлар 2023 йилда Россиянинг Астрахан шаҳрида, кейинроқ Кабардина-Балкарияда, шунингдек, 22 январ куни Саратовда ҳам тарқатилган. Хабарларга ўқотар қуроллар сурати ҳам илова қилинган. Аммо маълум бўлишича суратлар интернетдан юклаб олинган. Теракт ҳақидаги хабарлар жойлаб борилган Telegram-каналлар эса кейинроқ ўчириб юборилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: