9:12 | 07.09.22

                       

Трамп хорижий давлатнинг ядровий салоҳияти ҳақидаги ҳужжатларни сақлагани маълум бўлди

Ундаги маълумотни юқори мартабали миллий хавфсизлик амалдорлари ҳам кўрмаган

АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг уйидаги тинтувда хорижий давлатнинг ядровий салоҳиятига оид ҳужжатлар топилди. Бу ҳақда «The Washington Post» хабар берди.

Фото: «The Telegraph»

Вазиятдан хабардор манбаларга кўра, федерал қидирув бюроси агентлари тинтув пайтида хорижий ҳукуматнинг ҳарбий мудофаасини, жумладан, ядровий имкониятларини тавсифловчи ҳужжатларни аниқлаган.

Топилган баъзи материалларда Американинг ўта махфий операциялари шу қадар батафсил тасвирланганки, ҳатто юқори мартабали миллий хавфсизлик амалдорлари ҳам уларни кўрмаган. Бу маълумотлардан фақат президент ва маъмурият амалдорларининг чекланган доираси фойдаланиши мумкин.

Хабарда айтилишича, 8 август куни тинтув чоғида агентлар хорижий давлатнинг ядровий тайёргарлиги тўғрисидаги ҳужжатларни топган. Гап қайси давлат ҳақида кетаётганига аниқлик киритилмаган.

Трампнинг Флоридадаги Мар-а-Ларго мулкига август ойи бошида расмий материаллардан ноқонуний фойдаланиш, ўғирлаш ва йўқ қилиш иши доирасида тинтув ўтказилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари юзга яқин турли даражадаги махфий ҳужжатларни топган. Трампнинг ўзи ядро қуролига оид махфий ҳужжатларга эга экани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтганди.

Аввалроқ Трамп уйидаги тинтувда топилган махфий ҳужжатлар рўйхати эълон қилинганди. Шунингдек, Байден Трампнинг уйидаги тинтувлар ҳақида гапирганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: