12:25 | 29.03.22

                       

Туркия президенти Россия–Украина музокаралари бўлаётган ҳудудга бориб, нутқ сўзлади — видео

Шунингдек, 29 март куни Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилган

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 29 март куни Истанбул шаҳридаги Долмабаҳче саройига бориб, Россия–Украина делегациялари музокарасида нутқ сўзлади. Бу ҳақда «Anadolu» хабар берди.

Фото: «Anadolu»

Эрдўғон Туркия минтақада кўплаб муаммоларга гувоҳ бўлган давлат сифатида Қора денгиз шимолида фожиали манзара юз бермаслиги учун қўлидан келганини қилгани ва қилишда давом этаётгнанини таъкидлади.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Анқара барча халқаро платформаларда ҳар икки томоннинг (Россия ва Украина) манфаатлари, ҳуқуқлари ва позицияларини ҳисобга олишга интилиб, адолатли позицияга амал қилади.

«Адолатли тинчлик — барча томонларнинг ғалабаси, тўқнашувларнинг давом этиши эса ҳеч бир тарафга фойда келтирмайди», — деди президент. Туркия раҳбари расмий Анқара Киев ва Москва ўртасидаги тинчлик дастурини илгари суриш учун муносиб ҳисса қўшишга тайёрлигини таъкидлади.

Шундан сўнг президент музокара ҳудудини тарк этиб, расмий ташриф билан Ўзбекистонга жўнаб кетди.

Маълумот ўрнида, Истанбулдаги Долмабаҳче саройида бўлиб ўтадиган Россия–Украина музокаралари ёпиқ ҳолда 29-30 март кунлари бўлиб ўтади. 29 март куни дастлаб Украина, кейин Россия делегациялари Долмабахче саройига етиб келиб, музокараларни бошлади.

Эслатиб ўтамиз, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан 29–30 март кунлари Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳақида хабар берилганди. Президентлар ташриф доирасида олий даражадаги Ўзбекистон–Туркия стратегик шериклик кенгашининг иккинчи йиғилишида иштирок этади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: