8:08 | 27.03.22

                       

Туркия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи. Тарихий алоқалар қайта тикланмоқда

Абдуллаҳ Эрен ўзбек–турк муносабатлари тўғрисида «Bugun.uz» билан фикрларини ўртоқлашди

Шу йилнинг 29–31 март кунлари Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади. Шу муносабат билан «Хориждаги Турклар ва Қардош Жамиятлар Ташкилоти» раҳбари Абдуллаҳ Эрен «Bugun.uz» билан фикрларини ўртоқлашди.

Фото: «Anadolu Ajansi»

Ўзбекистон 1991 йилда ўз мустақиллигини эълон қилгач, мамлакатни биринчилардан бўлиб тан олган давлат Туркия экани табиий ҳол. Чунки икки мамлакат ўртасидаги қардошлик алоқалари нафақат яхши кунида, балки қийин кунида ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлашни тақозо қилади. Ўшандан буён икки давлат ўртасида кўплаб икки томонлама шартномалар имзоланди, қолаверса бир қатор халқаро ташкилотларда ўз ўрнини эгаллади ва олий даражадаги ўзаро ташрифлар амалга оширилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Туркия ва Ўзбекистон фақатгина оддий дипломатик алоқаларни йўлга қўйган икки мамлакат бўлиш билан чекланиб қолмади. Шубҳасиз, Туркия учун Ўзбекистон — Ота юрт демакдир. Турк-Ислом маданиятининг бешиги демакдир. Дунёни лол қолдирган Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Хива демакдир.

Бугунги кунда Ўзбекистон биз учун 35 миллионга яқин аҳолиси, иқтисодий салоҳияти ва 30 йилдан буён ўз минтақаси учун тинчлик ва барқарорлик манбаи бўлиб келган мустақил, дўст ва қардош мамлакат демакдир.

Туркияда барча ардоқлаган ва халқи билан кўнглимиз бир бўлган Ўзбекистон билан алоқаларимиз сўнгги йилларда ҳар соҳада тобора ривожланиб бораётганидан мамнунмиз ва чуқур илдиз отаётганидан бағоят хурсандмиз. Туркияда ҳамма севадиган ва уларнинг ҳар бири билан самимий муносабатда эканлигимизни биладиган Ўзбекистон билан кейинги йилларда муносабатларимиз ҳар соҳада мустаҳкамланиб бораётганидан жуда мамнунмиз.

Қолаверса, турк капитали иштирокидаги кўплаб компаниялар билан бирга ушбу алоқалар давр талабига мос равишда амалга ошаётганини гувоҳи бўлиб турибмиз. Туркияда бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарларининг 8-саммитига шахсан иштирок этган Шавкат Мирзиёев Президентимиз Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашиб, дўстлигини эълон қилган самимий ифодаларни тилга олганди.

Ўзбекистон Президенти жаноб Шавкат Мирзиёев 2020 йилда мамлакатимиздаги энг йирик кутубхона бўлмиш «Миллат кутубхонаси»нинг очилишида иштирок этиб, жуда муҳим баёнотлар берганди. Ўйлайманки, Туркия президентининг Ўзбекистонга янги ташрифи ҳам ушбу дўстлик ришталарини юқори поғонага кўтаради.

Хориждаги Турклар ва Қардош Жамиятлар ташкилоти (ЙТБ) икки давлат ўртасидаги энг юқори даражали муносабатларни томонларнинг ёш ва келажак авлодларига акс эттириш вазифасини ўз зиммасига олган муассасалардан биридир.

Хориждаги Турклар ва Қардош Жамиятлар ташкилоти ​​сифатида биз «биродар» деб атаган Ўзбекистон ёшлари билан кўплаб қўшма лойиҳалар ва тадбирларни амалга оширдик.

Ушбу лойиҳа ва тадбирлардан кўзланган мақсад, Туркия ва Ўзбекистон ёшларининг бир-бирини яқиндан таниши ва муштарак қадриятларга эга бўлишидир.

Фаолиятларимиз орқали бир-бирлари билан вақт ўтказаётган, маълумот алмашаётган турк ва ўзбек ёшлари ўз мамлакатларига кўпроқ ҳисса қўшишлари, ҳозиргидан ҳам йирик минтақавий ва глобал лойиҳаларни амалга оширишларига ишончим комил.

Фаолиятларимиз орасида, ёшларнинг касбий фаолиятларига ҳисса қўшадиган дастурлар билан бир қаторда, муштарак қадриятларимизни жонлантирувчи таълим фаолиятлари ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Айниқса, дунёнинг деярли барча мамлакатларидан ёшлар фойдаланаётган «Туркия грантлари дастури» каби халқаро таълим дастурлари мамлакатларимиз ўртасида шаффоф, лекин ажралмас бир парчага айланмоқда. Тарих ва маданиятимиздан оқилона фойдаланиб, ушбу салоҳиятни саноат, савдо, иқтисодий ва дипломатик кўринишга айлантириш бизнинг қўлимизда. Ҳозирги кунда 30 мамлакатда бўлгани каби, Туркияда таҳсил олган ва муштарак қадриятларга эга бўлган халқаро талабаларнинг бирлашишига имконият яратган «Туркия Битирувчилари Жамияти»нинг бир бўлими Ўзбекистонда ўзбек ёшлари учун ташкил этилиши бу жиҳатдан ташланиши муҳим бўлган қадамлардан бири бўлади деб ўйлайман.

Ишончим комилки, ўзбек ва турк ёшлари бир-бирининг кўзгусидир. Улар бир-бирида ўзининг ўтмишини, маданиятини, қадриятларини ва севгисини кўрадилар. Давр талаби билан ўзгарувчан халқаро сиёсат қандай бўлишидан қатъий назар, ўзгармайдиган ягона қадрият бу — Ўзбек ва Турк қардошлигидир. Муштарак тарих ва маданиятимиз, бизларни муштарак келажак сари етакламоқда. Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни яна-да ривожлантиришидан умидвор бўлгани ҳолда, жаноб президентимиз орқали барча ўзбек қардошларимизга Туркиянинг чексиз ҳурмат ва эҳтиромларини изҳор этамиз.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: