0:20 | 31.03.22

                       

Туркия президентининг Ўзбекистонга ташрифи якунланди — фото

Шавкат Мирзиёев ташриф якунлангач, Хоразмда режалаштирилган бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти билан танишди

Туркия республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Ўзбекистонга ташрифи якунланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкиланишича, 29 март куни Тошкентда ўтган музокараларда кўплаб келишувларга эришилган. Давлат раҳбарларининг самимий мулоқоти 30 март куни Хивада давом этган. Олий мартабали меҳмонни Президент кузатиб қўйган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Туркия президентининг ташрифи якунланганидан сўнг, давлат раҳбари Хоразмда режалаштирилган бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, мамлакатда катта кўламда қурилишлар бўлмоқда. Андижон, Наманган, Нукус ва бошқа шаҳарларда янги шаҳарчалар барпо этилмоқда. Шу тажриба асосида, Президент ташаббуси билан Урганчда Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши режалаштирилган. Бунинг учун аэропорт яқинидан 110 гектар ер ажратилган. 2022 йил 7 февраль куни ўтказилган тақдимотда шаҳарчанинг умумий концепцияси тасдиқланган эди. Бу гал ундаги ҳар бир иншоотнинг ички мазмуни муҳокама қилинган.

Лойиҳага кўра, бу ерда университет, IT парк, уйлар, мактаб ва боғча, маданият ва спорт мажмуалари барпо этилади. Шаҳарча марказида Муҳаммад ал-Хоразмий сайилгоҳи бўлиб, буюк алломанинг янги ҳайкали ўрнатилади. Давлат раҳбари қурилиш ишларини бошқариш бўйича комиссия тузишга кўрсатма берган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бу ер шаҳар ичидаги шаҳар бўлади. Университет, инновацион марказ ва мактаблар илм ва таълим кластерини ташкил этади. Бу ерда ишловчилар учун уй-жойлар, илмга асосланган саноат зонаси ҳам бўлади. Бу шаҳарчани шунга муносиб қилиб, сифатли қуриш керак», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Келтирилишича, Урганчдаги Санъат музейи биносини реконструкция қилиб, кўргазма майдонини кенгайтириш, Хивадаги Қўғирчоқ театрини замонавий бинога кўчириш ҳам мўлжалланган. Президент янги бинолардан самарали фойдаланиш, уларда қўшимча хизматларни йўлга қўйиб, даромад топишига шароит яратиш муҳимлиги таъкидланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Коммунал соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилган. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тузилмасини такомиллаштириб, қуйи тизимда самарали ишлатиш вазифаси қўйилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 9 март куни «Янги Наманган» шаҳарчасининг иккинчи босқичи лойиҳаси билан танишганди. Шунингдек, давлат раҳбари 7 март куни Тошкент шаҳрида қурилиши режалаштирилган Олимпия шаҳарчаси лойиҳасининг тақдимоти билан танишгани хабар берилганди. 

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: