21:42 | 15.09.23

                       

Украинага олиб қочилган Россия вертолётида ўзбекистонлик эркак бўлган

Учувчи Максим Кузминов ўзбекистонлик Хуршиднинг ҳалок бўлганини айтди.

Россиялик учувчи рус ҳарбий бўлинмаси сафидан қочиб, мудофаа чизиғини кесиб ўтди ва ўзи бошқарадиган Мi-8 вертолётини душманга топширди. Вертолёт бортида жами 3 киши бўлиб, улардан бири ўзбекистонлик шахс бўлган. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди.

Фото: Guardian

Россия ҳарбий учувчиси Максим Кузминов Россиянинг Украинада муваффақиятга эришиши имконсиз ва самарасиз деб ҳисоблагани боис, урушда қатнашишни давом эттириш фикридан қайтади ва Украина томони билан алоқа боғлайди. Бу эса, охир-оқибат учувчи ўз қўлидаги Россия ҳарбий ҳаво кучларига тегишли Mi-8 ни Украинага беришига олиб келган.

Украина берган маълумотга кўра, мазкур воқеага қадар, Кузминовнинг илтимоси билан унинг оила аъзолари Украинага олиб ўтилган бўлган. Шундан сўнг учувчи бортдаги ҳеч нарсадан хабари бўлмаган икки ҳамроҳи билан Украина ичкарисига кириб борган.

«Россия томони бу маълумотни рад этди ва вертолёт одатий парвоз давомида адашиб, душман ҳудудига ўтиб кетганини маълум қилган. Россиялик блоггерлар ҳам ижтимоий тармоқларда учувчи ҳаво ҳудудида адашиб қолиб, мудофаа чизиғини кесиб ўтгани ҳақидаги хабарларни тарқатмоқда», — дейилади хабарда.

Украина расмийлари учувчининг содир этган ҳаракати Киев разведкасининг ўта муваффақиятли операцияси натижаси эканлигини айтмоқда. Украина разведкасининг муваффақиятли миссиясидан сўнг юқори малакали учувчининг душман ҳудудига қочиб ўтиши Россия учун экипаж хатоси туфайли битта вертолётни йўқотишдан кўра жиддийроқ ҳарбий зарба бўлиши мумкин. Боиси, мазкур ҳолат Киев разведкаси Россия қўшинлари орасига бемалол кира олиши ва ўз ҳаракатлари билан Рус армияси сафида тартибсизлик келтириб чиқара олиши мумкинлигини англатади.

Руслар Украина баёнотини хато деб аташда давом этмоқда. Унга кўра, вертолёт экипажи аъзолари қаерга қўнганини англаб, ҳавога кўтарилишга уринган, бироқ вертолёт ердан кўтарилмай туриб, унга ўқ узилган. Икки экипаж аъзоси ҳалок бўлган, Кузминов эса гаровга олинган. Шунингдек, Москва Кузминовнинг оила аъзолари Украинада эканлигини ҳам рад этган ва ҳарбий маъмурият улар билан алоқа боғлаб турганини маълум қилган.

Вертолётда Украинага ўтганлардан бири бўлган Никита исмли учувчи Воронеж ҳарбий-ҳаво кучлари академиясининг битирувчиси бўлган. Экипажнинг учинчи аъзоси эса ўзбекистонлик Хуршид исмли йигит бўлгани айтилмоқда. Йигит Россияга алмашинув дастури талабаси сифатида ўқиш учун келган ва Сизран авиация мактабини тамомлаган.

Экипажнинг ҳар учала аъзоси 28 ёшда бўлиб, Приморск ўлкасидаги Черниговкада хизмат қилишган. Никита ва Хуршид ҳозир қаерда экани расман номаълум. Украина бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Будановнинг сўзларига кўра, Кузминов бошқарувида бўлган вертолёт Украина ҳарбий зонаси ҳудудига қўнгач, нима бўлаётганидан хабари бўлмаган икки учувчи Украина ҳарбийларига қаршилик кўрсатган ва ҳалок бўлган. Кузминовнинг ўзи ҳам вертолёт олиб қочилиши муносабати билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида Никита ва Хуршид ҳалок бўлганини айтган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: