10:29 | 07.01.24

                       

Японияда ўзбек тили бўйича ўқув қўлланма нашр этилди

Муаллиф ўқув қўлланмаси орқали Ўзбекистонда таржимонсиз саёҳат қилиш ёки бизнес ташрифларини амалга ошириш мумкинлигини айтмоқда.

Токио хорижий тиллар университети кичик илмий ходими Хидака Шинсуке «New Express + Uzbek language» номли ўқув қўлланмасини ишлаб чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Лотин алифбосида ёзилган ушбу қўлланма 160 бет ва 20 та дарсликдан иборат. Дарслик бошланғич даражада ўзбек тилини ўрганаётганларга мўлжалланган бўлиб, у ўзбек тили грамматикаси ҳақида тушунча беради. Шу билан бирга, ўқувчиларга оғзаки сўзлаш кўникмаларини шакллантириш мақсадида китобнинг овозли шакллари ҳам тайёрланган.

Муаллифнинг айтишича, мазкур ўқув қўлланмаси орқали бемалол Ўзбекистонда таржимонсиз саёҳат қилиш ёки бизнес ташрифларини амалга ошириш мумкин бўлади.

«New Express + Uzbek language» қўлланмаси Hakusuisha Publishing Co., Ltd. нашриёт уйи томонидан чоп этилган. Китоб шу йил 29 январдан бошлаб сотувга чиқарилади.

Хидака Шинсуке Phd илмий даражасига эга. У 2007 йилдан буён ўзбек тилини ўрганиб келмоқда. 2014-2016 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясида илмий изланишлар олиб борган ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва «Ўзбекистон-Япония» марказида япон тилидан дарс берган. Хидака Шинсуке 2021 йил апрел ойида Токио хорижий тиллар университети қошидаги Open academy дастури негизида ўзбек тили курслари очган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: