14:48 | 27.06.24
Ёшлар ишлари агентлиги директори биринчи ўринбосари қарама-қарши йўлда қизил чироқдан ўтиб, пиёдага йўл бермади (видео).
Ижтимоий тармоқларда давлат рақам белгиси 01 347 DAV бўлган Malibu-2 русумли автомашина ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузиб ҳаракатланганлиги акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ҳолат бўйича маълумот берди.
Маълум қилинишича, қоидабузар ҳайдовчи 1985 йилда туғилган К.Х.га нисбатан МЖтКнинг тегишли моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва ҳайдовчи билан профилактик суҳбат ўтказилган.
Kun.uz нашри маълумотларига кўра, қарама-қарши йўналишга чиқиб, қизил чироқдан ўтиб пиёдани уриб юборишига бир бахя қолган Malibu Ёшлар ишлари агентлиги директори биринчи ўринбосарининг хизмат машинаси ҳисобланади. Бу лавозимда айни дамда Дилнозахон Каттахонова фаолият олиб боради.
Маълумот учун, автомашиналарнинг рақам белгилари типларига кўра, «DAV» серияли рақам белгилари давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шахсан бириктирилган ва навбатчи хизмат автомобилларига берилади (мудофаа, ички ишлар, божхона, фавқулодда вазиятлар органларининг автомобиллари ҳамда II типдаги рақам белгилари бериладиган автомобиллар бундан мустасно).
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: