9:40 | 30.11.23

                       

Ўзбекистон Исроилни Голан тепаликларини озод қилишга чақирди

Ҳудудни озод қилиш тўғрисидаги резолюцияга саккизта давлат қарши чиқди.

БМТ Бош Ассамблеясининг Исроил ҳукуматини Голан тепаликларини озод қилишга чақирувчи резолюцияси кеча, 29 ноябр куни Миср, Иордания, Ироқ, Сурия, БАА каби давлатлар ташаббуси билан қабул қилинди. Ҳужжат дунёнинг 91 та мамлакати томонидан маъқулланди. 8 та давлат қарши овоз берди. Улар орасида АҚШ, Австралия, Исроил, Канада ва Буюк Британия сингари давлатлар мавжуд.

Умумий 62 давлат эса ҳужжатга бетарафлик муносабатини билдирган.

Ҳужжатни ёқлаб овоз берганлар орасида Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам бор бўлиб, мамлакат Исроилни ушбу тепаликларни озод қилишга чақирган.

Резолюция жами саккиз банддан иборат бўлиб, унинг илк банди Исроил БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1981 йилдаги 497-сонли резолюциясига ҳали ҳам амал қилмагани ҳақидаги баёнотдир. Ҳужжатнинг ушбу банди мамлакатдан Голан тепаликлари устидан Исроил ҳуқуқий ваколатини ўрнатувчи қонунни бекор қилишни талаб қилади.

2019 йилдан бери АҚШ Исроилнинг ушбу ҳудудлардаги суверенитетини тан олган. Голан тепаликлари аввал Сурияга тегишли эди, бироқ Исроил-Фаластин ўртасидаги урушнинг олтинчи кунида тепаликнинг катта қисми Исроил томонидан босиб олинган.

Маълумот учун, 2019 йилда Голан тепаликларида халқаро ҳуқуққа кўра ноқонуний деб топилган 30 га яқин исроиллик аҳоли пунктлари мавжуд бўлган. Бу ҳудудда Исроил фуқароларидан ташқари арабларнинг этно-конфессионал гуруҳи – друзлар ҳам истиқомат қилади.

Аввалроқ, Ғазо секторида Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги тўрт кунлик сулҳ кучга киргани ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: