12:41 | 07.10.23

                       

Ўзбекистон Россиядан йилига 2,8 млрд кубометр газ сотиб олади — Шерзод Асадов

Бугун, 7 октябр куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия ўртасида газ етказиб беришни бошлаш маросими бўлиб ўтади.

Аввалроқ Ўзбекистонга 2023 йилнинг октябр ойидан бошлаб Қозоғистон орқали Россиядан газ етказиб бериш бошланиши ҳақида хабар берилганди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби Шерзод Асадовнинг айтишича, Россиядан Ўзбекистонга йилига 2,8 миллиард кубометр газ етказиб берилиши режалаштирилган.

Қайд этилишича, бугун, 7 октябр куни Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи доирасида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари иштирокида газ етказиб беришни бошлаш бўйича тадбир бўлиб ўтади.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Россиядан газ етказиб берилиши нафақат Ўзбекистон иқтисодиёти, балки Марказий Осиё минтақасининг энергетик барқарорлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.

Маълумот учун, 2023 йилнинг 16 июн куни Ўзбекистон ҳукумати Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида «Газпром» билан мамлакатга табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган эди. Кейинроқ Ўзбекистон Энергетика вазирлиги келишув икки йилга тузилгани, етказиб бериш 1 октябрдан бошланиши режалаштирилгани ҳамда харид ҳажми йилига 2,8 миллиард кубометрга яқин эканини маълум қилди. Етказиб бериш эса «Марказий Осиё – Марказ» газ қувури орқали амалга оширилиши кўзда тутилган. Бунинг учун республика ҳудудида янги газ ўлчаш станцияси қурилиши зарур эди. Бундан ташқари, 22 километр янги газ қувурлари қуриш, 56 километр мавжуд тармоқларни таъмирлаш, 14 хил турдаги газ насос қурилмаларини алмаштириш режалаштирилганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонга Россиядан газ импорти 1 октябрдан бошланиши, бунинг учун барча инфратузилма тайёр бўлгани маълум қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: