10:33 | 31.10.23

                       

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида қарийб икки млрд долларлик экспорт-импорт шартномалари имзоланди

Икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми келажакда уч млрд долларга етказилади.

Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги делегация Кобул шаҳрига ташрифи чоғида Афғонистон бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Ғани Бародар ўртасида тор доирадаги учрашув бўлиб ўтган. Бу ҳақда Dunyo ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Dunyo ахборот агентлиги

Учрашувда икки мамлакат инвестициялар, саноат ва савдо, қишлоқ, сув хўжалиги, тоғ-кон саноати ва геология, энергетика ҳамда транспорт вазирлари иштирок этган.

Афғонистон бош вазири ўринбосари нутқида Ўзбекистон делегациясининг Кобулга ташрифини олқишлаб, Ҳирот вилоятида юз берган зилзила оқибатида жабрланган оилаларга кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами учун мамлакат раҳбариятига миннатдорлик билдирган.

Шунингдек, афғонистонлик инвесторлар, ишбилармон доиралар вакиллари ва юк ташиш автомобиллари ҳайдовчиларига виза расмийлаштириш бўйича янги механизм яратилаётгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирилган.

Жамшид Ходжаев Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини яқин келажакда уч миллиард долларга етказиш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилганини таъкидлаган.

Ташриф якунлари бўйича 1 миллиард 185 миллион доллар миқдоридаги экспорт-импорт келишувларига эришилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари бошчилигидаги делегация Кобулга ташриф буюрганди.

Шунингдек, Ўзбекистон Афғонистон билан фармацевтика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириши хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: