15:25 | 21.12.23

                       

Ўзбекистон Wikipedia’да ўзбек тилидаги мақолалар сони бўйича Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади

Бу кўрсаткич орқали мамлакат дунё рейтингида 45-ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон ҳақида ўзбек тилида ёзилган ва Wikipedia интернет энциклопедиясига юкланган мақолалар сони 300 мингга етди. Бу кўрсаткич билан Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида 1-ўринни, жаҳон рейтингида эса 45-ўринни эгаллади.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг табиат, туризм, маданият, санъат, спорт, иқтисодиёт, саноат ва бошқа соҳаларига оид мақолаларни тўлдириш бўйича ишлар республиканинг барча вазирлик ва идоралари билан ҳамкорликда 2017 йилдан бошлаб амалга оширилмоқда. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакат ҳукумати томонидан тасдиқланган «Интернет тармоғида миллий контентни янада ривожлантириш бўйича комплекс дастур»да кўзда тутилган.

Wikipedia’га Ўзбекистондаги табиат объектлари, туристик диққатга сазовор жойлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбирлар, танловлар, фестиваллар ҳақидаги маълумотлар ва бошқа янгиликлар юкланган.

Республикадаги вазирлик ва идоралар ҳамда илмий-тадқиқот марказлари мутахассислари томонидан мамлакатимиз ҳақидаги мақолалар яратиш учун қизиқарли матнлар ва фотоматериаллар тайёрланди. Wikipedia’га маълумотларни жойлаш учун мамлакатимиз олий ўқув юртлари фаоллари ва талабалари орасидан кўнгиллилар жалб қилинган.

Таъкидлаш жоизки, мазкур рейтингларда эришилган юқори ўринлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини мустаҳкамлаш, жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини мамлакатимизга қаратишга хизмат қилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: