18:42 | 14.09.23

                       

Ўзбекистонда чекка ҳудуддаги мактаб ўқувчилари учун бепул автобуслар ташкил этилади

Бу бўйича Президент фармони эълон қилинди.

Ўзбекистонда эндиликда олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 та мактаб ўқувчилари учун бепул автобуслар йўлга қўйилади. Бу ҳақда 2023 йилнинг 11 сентябр куни қабул қилинган «Ўзбекистон — 2030 стратегияси тўғрисида»ги Президент Фармонида айтилади.

Фото: Telegram

Фармонга биноан, эндиликда марказдан узоқда бўлган ва чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи мактаб ўқувчилари учун давлат ҳисобидан бепул автобус қатновлари ташкил этилади ва уларга қулайлик яратилади. Фармонда бундай турга кирувчи мактаблар сони 715 та эканлиги аниқ белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, фармон билан таълим муассасалари вакиллари ва ўқувчилари учун яна бир қанча қулайликлар жорий қилинади. Эндиликда таълим ташкилотларига ҳар йили 500 нафар «тил эгалари» бўлган хорижий мутахассислар жалб этилади.

Шу билан бирга, 700 га яқин янги дарсликлар, педагогик қўлланмалар ва мобил иловалар яратилади. 2024 йилдан бошлаб эса ҳар йили давлат-хусусий шериклик асосида камида 100 тадан умумий ўрта таълим муассасалари қурилиши бўйича саъй-ҳаракатлар амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 28 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактабларда таълим сифатини янада ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ҳамда ўқитувчилар малакасини ошириш ва уларга муносиб шароит яратиш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштирадиган ва рағбатлантирадиган бир қанча янгиликлар маълум қилинган эди.

Хусусан, селекторда мамлакатдаги мактабларни компютер синфлари билан жиҳозлашга республика бюджетидан 320 миллиард сўм ажратилиб, мактабларга 40 мингга яқин компютерлар олиб берилиши белгилаб берилган. Юқори синфларда ўқитиладиган фанлар аҳамиятига кўра қисқартирилиши ва мактаб ўқувчилари бепул йодд препаратлари билан таъминланиши айтилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: