17:03 | 21.12.23

                       

Ўзбекистонда илк бор Hollywood филми расман намойиш қилинмоқда

Bugun.uz мухбири Ўзбекистон кинотеатрларида ўзбек тилида намойиш қилинадиган «Аквамен ва йўқолган қироллик» филми таржимони ҳамда дубляж режиссёри билан суҳбатлашди.

Бугун, 21 декабр куни Ўзбекистонда «Аквамен ва йўқолган қироллик» филмининг премераси бўлиб ўтади. Bugun.uz маълумотларига кўра, филм Тошкент шаҳридаги барча кинотеатрларда, шунингдек, Самарқанд, Андижон, Жиззах, Бухоро ва Урганч шаҳри кинотеатрларида кун давомида бир неча марта намойиш қилинади.

Филмнинг Ўзбекистонда намойиш қилиниши Warner Bros. компаниясининг расмий вакили Interfilm Uzbekistan томонидан амалга оширилган. Лойиҳа Warner Bros. томонидан молиялаштирилган. Таржимон Нодирабегим Иброҳимова, дубляж режиссёри Камил Турсунбаев. Шунингдек, дубляж устида ProDublaj студияси бошчилигидаги 40 дан ортиқ актёрлар гуруҳи иштирок этган. Жумладан, филмда Беҳзод Муҳаммадкаримов, Алишер Узоқов, Лазиза Азиззода, Боир Холмирзаев, Элёр Носиров каби таниқли номларни учратиш мумкин.

Камил Турсунбаев дубляж жараёнлари ва филмнинг Ўзбекистонга олиб келиниши ҳақида Bugun.uz‘га маълумот берди.

Унга кўра, ушбу жараёнлар устида 2,5 ой ишланган ҳамда 4 та версия тақдим қилиниб, Hollywood’да якуний версияси 4 декабр куни тасдиқлатилган. Филм дунё бўйича 10 та тилга таржима қилинган. Марказий Осиёда Ўзбекистон, МДҲда Грузияда филм тақдимоти бўлиб ўтмоқда.

Лойиҳа ўзини оқласа, 2024-2025 йилларда Warner Bros’нинг «Дюна: Иккинчи қисм», «Годзилла ва Конг: Янги империя», «Фуриоза: Мад Макс йилномалари», «Жокер: Икки киши учун телбалик», «Супермен: мерос», «Бетмен. 2-қисм» каби филмлар ҳам тақдим этилиши мумкин.

Bugun.uz мухбири Нодира Иброҳимова билан ҳам суҳбатлашиб, унинг таржима жараёнлари ҳақида фикрлари билан танишди.

«Таржимон сифатида компания билан махфийлик бўйича шартнома туздим. Улар таржима учун электрон почтадан юборган видео ва матнни ҳеч қаерга тарқатмаслигим, скрин қилмаслигим, жўнатмаслигим шарти қўйилди, электрон почтага келган материалларнинг махсус дастурлар орқали кодли тизимлардан ўтиб фақат ўзимгина кира оламан. Тўртта версия босқичма-босқич берилди, ҳар гал ўзгаришлар бўларди. Таржимага муддат қўйилди, шунга улгуриб топширдим. Вакиллар доим алоқада бўлишди, саволлар туғилса жавоб беришди, таржималаримни тўғрилигини тўлиқ текширишди, хатолари устида қайта ишлашди. Мукаммал матн бўлгунча машаққатли ва қизиқарли жараённи бошдан кечирдик», – дейди у.

Нодира Иброҳимованинг филмга кичик спойлер ҳам берди: «Аквамен ва йўқолган қироллик» филми «кутилмаган якун топади, душманлар дўстга айланади».

Таржимон, нима учун аввал бу каби филмлар Ўзбекистонда расмий премера қилинмагани бўйича фикрларини айтиб ўтди:

«Балки кинотеатрларда илгари одам камлиги, ўзини оқламаслиги туфайли қўл урилмагандир. Ҳозир хусусий кинотеатрлар жуда кўп, русча премералар фаол, шунинг учун синаб кўришди”, – дейди Нодира Иброҳимова.

У ўз навбатида агар лойиҳа ўзини оқламаса ушбу филм охиргиси бўлиши мумкинлигини эслатиб, айрим қароқчилардан филмни тасвирга олиб интернетда тарқатмаслигини сўради ва бу кассага салбий таъсир қилишини билдирди.

«Таваккал иш, агар касса ўзини оқламаса, шу билан ўзбекча премералар тўхташи ҳам мумкин. Барибир ҳамма нарса сарфланган маблағ ўзини оқлашига қаратилади. Айтар сўзим шуки, лойиҳа омадли кечишига барча киноманлар ўз ҳиссасини қўшиб, ўзбекча премерани қўллаб-қувватлаб кинотеатрларга боринглар. Филмда садоқат, оға-иничилик туйғуси, ота меҳри, ватанга бўлган муҳаббат акс этади», дейди Иброҳимова ўзининг хулосасини билдириб.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: