13:18 | 15.06.23

                       

Ўзбекистонда рекорд даражада электр энергияси ишлатилди

Суткалик ва соатлик электр истеъмоли ўткан йилнинг мос даврига нисбатан юқори

Аномал иссиқ таъсирида Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли ҳажми бўйича рекорд кўрсаткичлар янгиланди.

Хусусан, 13 июн куни Ўзбекистонда жами 231,7 млн кВт/соат электр энергияси сарфланди. Бу миқдор июн ойи учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Бундан бир йил муқаддам худди шу куни 202 млн кВт/соат электр энергияси ишлатилган бўлиб, ўсиш кўрсаткичи 14,7 фоизни ташкил қилмоқда.

14 июн куни соат 11:00 га қадар эса соатлик эҳтиёж ҳажми 11 080 МВтни ташкил қилди. Бу эса 2022 йилнинг худди шу санасидаги ҳолат билан таққосланганда, 1600 МВт (15,4 фоиз) кўп электр токи сарфланган. Ушбу қувват деярли тўртта буғ-газ қурилмасининг ёки иккита «Тўрақўрғон» ИЭСнинг қувватига тенг.

Айтиш керакки, рекорд қўйиш кеча ҳам давом этиб, 14 июн санаси мобайнида суткалик электр энергияси истеъмоли 238-239 млн кВт/соатга етди.

Мазкур рақам 2022 йилнинг мос даврида қайд этилган истеъмол миқдоридан қарийб 30 млн кВт/соат ёки 14,8 фоиз кўпдир.

2022 йилнинг июл ойида юз берган аномал иссиқ даврда ҳам максимал юклама 10 800 МВтдан, суткалик максимал истеъмол ҳажми эса 238,2 млн кВт/соатдан ошмаган эди.

Электр энергиясининг юқори истеъмоли, айниқса, Тошкент шаҳрида кузатиляпти. Масалан, 2021 йилнинг 13 июн санасида пойтахт аҳолиси 7,6 млн кВт/соат ток ишлатган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилнинг худди шу кунида 17,08 млн кВт/соатни, бу йил эса 26,4 млн кВт/соатни ташкил қилган.

Маълумки, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб ҳам кескин ошди. Натижада электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламалар ортиши, тармоқда эса турли носозликлар келиб чиқиши кузатиляпти. Хусусан, аномал иссиқ электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилиятини ҳам 20 фоиз тушириб, тизимда йўқотишларни ҳосил қилиши айтилди.

 

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: