15:05 | 21.12.23

                       

Ўзбекистондаги айрим «заправка»ларда белгиланмаган тартибда бензин сотиш ҳолатлари аниқланди

Олтита вилоят ва Қорақалпоғистон Республикасидаги АЁҚШларда бензин маҳсулотлари сифат даражасида эмаслиги, икки вилоятда бензинни кам қуйиш ҳолатлари аниқланган.

2023 йил республиканинг барча ҳудудларидаги АЁҚШларда бензин маҳсулотларининг назорат харидлари ўтказилганда 25 та ҳолатда қоидабузарликлар аниқланган, деб хабар бермоқда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.

Лаборатория таҳлилларига асосан, 21 та ҳолатда бензиннинг сифати талабга жавоб бермаган, 4 та ҳолатда белгиланган миқдордан кам қуйилган ва бунда истеъмолчиларга жами 300 млн зарар етказилган.

Маълумот берилишича, Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё вилояти, Жиззах вилояти, Фарғона вилояти, Қашқадарё вилояти, Андижон вилояти, Тошкент вилоятларидаги айрим «заправка»ларда бензин маҳсулотлари сифат даражасида эмаслиги ҳақида лаборатория хулосаси берилган. Шунингдек, Андижон вилояти ва Бухоро вилоятидаги баъзи «заправка»ларда эса бензинни кам қуйиш ҳолатлари аниқланган.

Рақобат қўмитаси ҳолатлар бўйича иш қўзғатиб, истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилаётгани ҳамда Қўмита «Ўзэнергоинспекция» билан ҳамкорликда сифатсиз бензин маҳсулотларини сотишнинг олдини олиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилаётганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги АЁҚШларда 6,1 млн литр сифатсиз бензин аниқлангани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: