17:55 | 29.08.23

                       

1 сентябрдан қонунчиликда ўзгаришлар амалга ошади

Юридик йўналиш талабасига ишлаш учун рухсат, янги таъсис этилган «вазир стипендияси», турагентларга қулайликлар, Буюк Британия таълим тизими асосида ихтисослашган Халқаро мактаб ва ногиронлиги бор шахсларга имтиёзлар.

Жорий йилнинг 1 сентябридан қонунчиликда бир қатор ўзгаришлар амалга оширилади. Президентнинг тегишли фармон ва қарорларига кўра юзага келган ўзгаришлар юридик, иқтисодиёт ва аграр соҳада кузатилади.

1. Судланганлик муддати ўтиб кетгани ҳақида маълумот олиш осонлашди.

  • судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши ҳақидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлигининг «Тезкор маълумотлар» ягона ахборот тизимида автоматик равишда онлайн шакллантирилади;
  • судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланганлиги ҳақидаги маълумотнома судланганлик муддати тугаган ёки судланганлик олиб ташланган сананинг эртасидан кечиктирмасдан тегишли шахснинг Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетига автоматик равишда бепул юборилади.

2. Юридик йўналишли ОТМларнинг талабалари иш фаолият олиб боришларига рухсат берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан битирувчи курсдаги юридик олий таълим муассасалари талабаларига жорий йилнинг 1 сентябридан, ўқишдан бўш вақтда, адвокатнинг ёрдамчиси сифатида ишлашга рухсат берилди.

Ушбу ўзгаришлар адвокатура соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида амалга оширилади.

Ҳозирда адвокат ёрдамчиси сифатида иш фаолиятини олиб бориш тартибини такомиллаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли тартибда парламентга киритилган.

3. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида янги форматдаги мутахассислар ва экспертларни тайёрлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш ишлари йўлга қўйилади.

Олий таълим муассасаларида соҳага оид йўналишларда энг иқтидорли талабалар учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири стипендияси таъсис этилади.

Бунда:

  • тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларнинг бир йиллик тўлов-контракт суммаси қопланган ҳолда, ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараварида;
  • давлат гранти асосида таълим олаётган талабаларга ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 бараварида Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендиялар тайинланади.

4. Сентябр ойида Туризм йўналишида ҳам бир қатор ўзгаришлар амалга оширилади.

Улардан:

  • турагентларнинг электрон тўловлар, брон қилиш хизматларини кўрсатадиган камида иккита хорижий тилдаги веб-сайтга эга бўлиши;
  • туроператорларнинг электрон тўловлар хизматларини кўрсатадиган веб-сайтга эга бўлиши бекор қилинади.

2022 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 2021 йилга нисбатан 3 бараварга ошди (5,2 миллион, соҳа экспорти – 1,6 миллиард доллар).

Ички туризм дастурлари доирасида 11,5 миллион, шундан 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли, ёшлар ва кексалар саёҳатлари ташкил этилди. Самарқандда янги туризм маркази барпо этилгани қўшимча 2 миллион сайёҳ жалб қилиш имконини берган.

5. Шунингдек, 1 сентябрдан ногиронлиги бор шахслар учун протез-ортопедия воситаларини олиш енгиллаштирилди.

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашда ногиронлиги бўлган шахслардан тиббий хулоса талаб қилиш бекор қилинади.

Маълумот учун: 2022-2026 йилларда аҳолининг муҳтож қисмини замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш даражасини 60% га етказиш режалаштирилган.

6. Аграр соҳада сифат ва самарадорликни ошириш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилади.

Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ҳузурида Буюк Британия таълим тизими асосида ихтисослашган Халқаро мактаб ташкил этилади. Мактабга 1 ва 5-синфдан ўқувчилар қабул қилинади.

Олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик таълим дастурларида иштирок этиш, қўшма тадқиқотлар, олимлар ва талабалар ўртасида тажриба ва билим алмашишни ўз ичига олади.

7. Ўзбекистонда банклар устав капитали энг кам миқдори босқичма-босқич оширилади.

Президент томонидан имзоланган қонун билан «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритилди.

Ҳужжатга кўра:

  • 2023 йил 1 сентябрдан эътиборан банк устав капиталининг энг кам миқдори икки юз миллиард сўм;
  • 2024 йил 1 апрелдан эътиборан — уч юз эллик миллиард сўм,
  • 2025 йил 1 январдан эътиборан — беш юз миллиард сўм бўлиши керак.

Маълумот учун: ҳозирда банкнинг энг кам устав капитали юз миллиард сўмни ташкил қилади.

Шунингдек, имтиёзли солиқ режимини тақдим этувчи ва (ёки) охирги бенефициар мулкдорнинг шахсини ошкор қилиш ҳамда молиявий операцияларни ўтказиш чоғида ахборот тақдим этиш назарда тутилмайдиган давлатда ёки ҳудудда рўйхатга олинган юридик шахслар ва шундай давлатда ёки ҳудудда яшайдиган жисмоний шахслар банкнинг муассислари ва акциядорлари бўлиши мумкин эмас.

Бироқ, бундан чет эл фонд бозорларида банк акцияларини сотиб олган юридик ва жисмоний шахслар мустасно эканлиги айтилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: