16:10 | 06.01.22

                       

Тошкент шаҳар транспорти: муаммо ва 2025 йилгача кутилаётган ўзгаришлар эълон қилинди

Шаҳарда жамоат транспорти фойдаланувчиларини кўпайтириш ва марказда ҳаракатланадиган машиналар сонини камайтириш режалаштирилган

Транспорт вазирлиги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳар транспорти ва йўл-транспорт инфратузилмасини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳасини жойлаштирди. Лойиҳа Президент топшириқлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, 2021 йил 21 декабрдан 2022 йил 5 январгача муҳокама қилиниши белгиланган.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳужжатда назарда тутилган концепция шаҳарнинг транспорт ифратузилмаси 2025 йилгача қандай ўзгаришини кўрсатади. Концепция Тошкент шаҳрида қулай, бўлган шаҳар жамоат транспорти тизимини ташкил этиш, бу биринчи навбатда пиёдалар, кейинги ўринда мос равишда велотранспорт, шаҳар жамоат транспорти ва шахсий автотранспорт учун қулай инфратузилмани яратиш мақсадларини ўзида акс эттиради.

Транспорт тизимидаги ҳозирги вазият қандай?

Ҳужжатда шаҳар транспорт инфратузилмасининг ҳозирги аҳволи ҳақида ҳам маълумот берилган. Унга кўра, ҳозирда шаҳар жамоат транспортида кунлик ўртача 940–950 минг йўловчи ташилмоқда.

Шундан:

  • 142 та автобус йўналишида 450 минг йўловчи;
  • 75 та йўналишли таксида 140 минг йўловчи;
  • метрополитеннинг 4 та (Чилонзор, Ўзбекистон, Юнусобод ва Ер усти ҳалқа) йўналишида 340 минг йўловчи ҳаракатланмоқда.

Аммо шаҳарда сўнгги 12 йилда аҳоли кўпайган бўлса-да, жамоат транспортида қатнов камайган.

Жамоат транспорти ҳаракат таркибига кўра, «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар тасарруфида 2021 йил 1 август ҳолатига кўра, жами 1 179 та шаҳар йўловчи автобуси мавжуд бўлиб, автобусларнинг ўртача тасарруф этиш муддати 7,3 йилни ҳамда 10 йилдан ортиқ тасарруф этиб келинаётган автобуслар сони эса 323 тани ёки автобуслар умумий сонининг 27,4 фоизини ташкил этади.

«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар ҳаракат таркиби учун 2017–2021 йиллар мобайнида жами 350 дона автобус харид қилган.

«Тошкент метрополитени» унитар корхонаси балансида эса 264 та метро вагони мавжуд бўлиб, шундан 1980–1990 йиллар мобайнида 152 та, 1991–2000 йилларда 24 та, 2001 йилда 20 та, 2020 йилда 8 та, 2021 йилда 60 та вагон харид қилинган. Мавжуд ҳаракат таркибининг 60 фоизи 30 йилдан ортиқ вақт давомида ишламоқда.

Велосипед транспорти ҳаракати учун эса 2018–2021 йиллар давомида шаҳарнинг 12 та кўчасида 77 км узунликдаги велосипед йўлаклари барпо этилган. Автомобиль транспортига келганда эса ҳолат қуйидагича:

2021 йилга келиб шаҳарда автомобиль транспорти воситалари сони 638 минг 840 тани ташкил этган, бундан ташқари, кунига ўртача 100 мингдан зиёд автотранспорт воситаси пойтахтга кириб-чиқади.

Тизимдаги асосий муаммолар

Ҳужжатда транспорт тизимида бир нечта муаммолар кузатилаётгани айтилган. Биринчидан, Тошкент шаҳри аҳолисининг йўловчи ташиш транспорти хизматларига бўлган талаби тўлиқ қондирилмаяпти.

Иккинчидан, автобуслар эскиркани туфайли кўп ва узоқ вақт таъмирланиш жараёнида бўлади. Бу эса, ўз навбатида, йўналишларда автобуслар сонининг камлиги туфайли йўловчиларнинг бекатларда 25–30 дақиқагача кутиб қолишига сабаб бўлади.

Учинчидан, автомобиллар учун мўлжалланган йўл бўйидаги тўхташ жойларининг ҳозирги кундаги ҳолати бетартиблиги туфайли тирбандликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Тўртинчидан, шаҳарда метрополитеннинг мавжуд қувватидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Юқоридаги муаммоларни ҳал этиш учун шаҳар йўловчи транспорти йўналишларининг янги тармоғини яратиш кўзда тутилган. Шунингдек, соҳада экологик тоза транспорт турларини жорий этиш режалаштирилган. Лекин, аввалроқ айтилганидек, концепция муаллифлари Тошкентга трамвай тармоғини қайтаришни мўлжалламаган.

Концепцияда, бундан ташқари, шаҳардаги автобус оралиқ бекатларини Тошкент шаҳрида ягона дизайн асосида қайта ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Бу орқали:

  • автобус оралиқ бекатлари ҳудудида имконияти чекланган йўловчилар тўсиқсиз ҳаракатланиши;
  • аҳолининг интернет тармоғидан (Wi-Fi) фойдаланиши;
  • бекатларда электрон табло ўрнатиш орқали автобуслар қатнов жадвали ва келиш вақтини кузатиб борилиши;
  • бекатнинг автомобиль йўли қатнов қисми билан чегарасида «тактил» плиталар ўрнатиш йўли билан имконияти чекланган фуқаролар хавфсизлиги таъминланиши мўлжалланган.

Ҳужжатда автомобиллар учун йўл бўйида пуллик тўхташ жойлари тизимини ташкил этиш ҳам қайд этилган бўлиб, биринчи босқичда Тошкент шаҳрининг 10 та кўчасида пуллик тўхташ жойлари тизими давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида ташкил этилади.

Концепция қандай натижа беради?

Концепциянинг амалга оширилиши натижасида 2025 йилда:

  • йўналишдаги автобусларнинг тасарруф тезлигини 17 фоизга ошириш;
  • автобус қатновлари мунтазамлигини 95 фоизга етказиш;
  • йўналиш ҳаракат интервалини 35 фоизгача қисқартириш;
  • шаҳар ҳудудларини йўловчилар транспорти билан тўлиқ қамраб олиш;
  • аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини 60 фоизга етказиш (кунлик йўловчи ташиш ҳажми ўртача 1,5 миллион йўловчи);
  • атроф-муҳитга жамоат транспортининг салбий таъсирини камайтириш;
  • жамоат транспортини қулай ва экологик тоза ҳаракат таркиби билан ташкил этиш;
  • шаҳарнинг аҳоли гавжум нуқталарида йўловчиларнинг бир транспортдан иккинчи транспорт турига ёки бошқа транспорт йўналишига ўртача 10 дақиқа ичида хавфсиз ўтиш имкониятларини яратиш;
  • йўловчилар учун қулай, хавфсиз ва замонавий автобус оралиқ бекатларини ягона стандарт асосида ташкил этиш;
  • автомобиллар куннинг «тиғиз» пайтида манзилга етиб бориши учун сарфланадиган ўртача ҳаракатланиш вақтини 50 дақиқадан 35 дақиқагача қисқартириш;
  • шаҳар марказида ҳаракатланаётган енгил автомобиллар сонини 20 фоизгача кисқартириш;
  • автомобилларнинг тўхташи ва тўхтаб туриши билан боғлиқ қоидабузарликлар сонини камайтириш;
  • шаҳар кўча-йўл тармоғининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш;
  • автомобиллардан атмосферага чиқарилаётган заҳарли моддалар миқдорини камайтириш;
  • умумий йўловчилар оқимининг 10–15 фоизини велосипед транспортидан фойдаланишига эришиш;
  • транспорт корхоналари фаолиятини рақамлаштириш ҳисобига ишлаб чиқариш самарадорлигини 30–35 фоизга ошириш, маъмурий ва операцион харажатларни ўртача 20–22 фоизга камайтириш;
  • шаҳар транспорт тизимида Big Data, IoT, Artificial intelligence, Machine Learning технологиялари ва алгоритмларини татбиқ этиш орқали рақамлаштириш кўрсаткичини 90–95 фоизга кўтариш;
  • йўлкира ҳақи тўланишида нақд пул айланмасидан воз кечиш;
  • транспорт корхоналари даромадлари йиғилишининг шаффофлигини таъминлаш;
  • йўлкира ҳақи тўлов тизимининг янги турларини жорий этиш;
  • транспорт корхоналари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш;
  • чорраҳаларда транспорт воситаларининг ўтказувчанлиги 15 фоизга ошириш;
  • транспортдан экологияга етказилаётган зарарни 35 фоизгача камайтириш;
  • юк ташиш фаолиятини тартибга солиш кутилмоқда.

Асосий рақамлар

Концепцияга кўра шаҳардаги автобуслар сони оширилади ва уларнинг таркибида экологик тоза транспорт турлари кўпайтирилади. Хусусан:

  • 2022 йил 590 та янги автобус (300 та электробус);
  • 2023 йил 253 та янги автобус (153 таси электробус);
  • 2024 йилда 100 та янги автобус (ҳаммаси электробус);
  • 2025 йил 100 та янги автобус (ҳаммаси электробус) сотиб олиниши режалаштирилган.

Тошкент шаҳрида босқичма-босқич намунавий дизайн асосида 1160 та оралиқ бекат қурилиб, фойдаланишга топширилади. Шундан:

  • 2022 йил 280 та;
  • 2023 йил 260 та;
  • 2024 йил 300 та;
  • 2025 йил 320 та бекат қурилади.

Шаҳарда 2025 йилгача 500 километр велосипед йўлаклари қурилади. Шунингдек:

  • 2022 йил 120 та;
  • 2023 йил 120 та;
  • 2024 йил 120 та;
  • 2025 йил 120 та велосипедлар учун тураргоҳ ташкил этилади.

Бундан ташқари, велосипедларни қисқа муддатга ижарага бериш — «Велошеринг» тизимини жорий этиш мақсадида 124 та велосипед станцияси барпо этилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: