19:11 | 02.05.24

                       

Ажрашманг! Ҳамма оталар ҳам фарзандларига уй беравермайди

Ажралишдан олдин, миллий қадриятларимизда оилани қадрлаш катта ўрин тутиши, ажримдан сўнг норасида гўдакларнинг аҳволи нима кечиши ҳақида ўйлаб кўринг.

Кейинги вақтларда МИБнинг ижро ишлари бўйича бўлими баъзи оталарнинг фарзандлари учун уй ёки автомашина ҳадя этаётганлигини ёки бўлмаса 18 ёшгача алимент пулини олдиндан тўлаётгани, албатта, қайсидир маънода қувончли ҳол.

Яқинда МИБ Олтиариқ туманида алиментчи ота яширинганлигини фош қилган бўлса, МИБнинг Қувасой шаҳар бўлими томонидан қарздор Р.О.дан 2 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати ишловида ота собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишиб, фарзандларининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, алимент тўловлари эвазига уй-жой беришга кўндирилди.

МИБ ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпулатовга кўра, танганинг иккинчи томони ҳам бор. Баъзи аёлларимиз ажралиш орқали уй ёки мол-мулкка, ёхуд бирданига 18 ёшгача (агар фарзанди кўп бўлса, миқдор ҳам шунга яраша кўпаяди) бўлган пул маблағларини қўлга киритишим мумкин, деб ажралиш пайига тушиши жамият учун хавфли иллатга айланиши турган гап.

Шунингдек, алимент маблағини тўламаётган ва бунинг натижасида жиноий жавобгарликка тортилган оталарнинг алимент пуллари Президент ташаббуси билан МИБда ташкил этилган “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси орқали ҳам тўлаб берилмоқда. Айнан ушбу жамғарма ҳисобидан жорий йилнинг I чорагида 1 182 нафар ундирувчиларга 20,2 млрд сўм пул маблағлари ўтказиб берилди.

МИБ ахборот хизмати маълумотига кўра, бугунги кунда 307 мингдан ортиқ алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари мавжуд (400 мингдан ортиқ фарзанд манфаати учун) бўлиб, долзарб ҳисобланган алимент ундирувлари соҳасида моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар манфаатлари учун қарздорлардан жами 401,4 млрд сўм алимент пуллари ундирилди.

Қарздорликни тўлаш истаги бўла туриб, иш ўрнига эга бўлмаган 7 мингдан ортиқ алимент тўловчиларни иш билан таъминлаш масаласи ҳал этилди ва ундирув уларнинг иш ҳақларига қаратилди (демак, ишсиз алиментчилар етарлича). Қолаверса, ҳамма оталар ҳам алимент учун
уй-жой ёки автомашина олиб беравермайди, ундан кўра, бирор бир иссиқроқ жойда яширинишни маъқул кўришади (ҳатто қудуқ ёки кўрпа остида бўлса ҳам).

Гап шундаки, алимент мажбуриятини бажармаган 3.894 нафар фуқароларга нисбатан қидирув эълон қилинган бўлиб, шундан тезкор-қидирув тадбирлари давомида 1126 нафар қарздор топилган (айримлари ноодатий жойларга яширинган). Ҳозирда 2.768 нафар қарздор фуқароларни топиш чоралари кўрилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар, ажрашманг! Ажралишдан олдин, миллий қадриятларимизда оилани қадрлаш катта ўрин тутиши, ажримдан сўнг норасида гўдакларнинг аҳволи нима кечиши ҳақида ўйлаб кўринг.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: