9:30 | 18.03.22

                       

Сирдарёда «Халқ банки» собиқ ходимлари 61 кишининг пулини ўзлаштиргани аниқланди

Улар фуқаролар хабардорлигисиз 1,2 млрд кредит ажратиб, «еб» юборган

Сирдарё вилояти «Халқ банки»нинг Сардоба тумани филиали собиқ ходимлари 61 кишининг пулини ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими томонидан АТ «Халқ банки» Сардоба филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда банк собиқ ходимлари А.М., Н.С., О.Т. ва бошқалар 54 нафар фуқаронинг хабардорлигисиз уларнинг номига 1,2 миллиард сўм кредит ажратгани аниқланган.

Шунингдек, ходимлар 7 нафар банк мижозлари томонидан кредит қарздорлигини сўндириш мақсадида топширилган 18 миллион сўмни банк кассасига кирим қилмаган ва шахсий эҳтиёжи учун сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Сирдарёда сохта ҳужжатлар орқали ярим миллиард сўм кредит олиб, эҳтиёжига ишлатиб юборган фуқаролар қўлга олингани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: