16:56 | 16.05.22

                       

Наманганда тарбиячи 2 болани бир ўринга ётқизиб, бўш жойда телефон ўйнаб ётгани айтилди — видео

Мактабгача таълим вазирлиги ҳолат юзасидан изоҳ берди

Наманган вилояти Поп туманида жойлашган 13-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи икки нафар болани битта жойга ётқизиб, ўрнига ўзи телефон ўйнаб ётгани акс этган видеолар тарқалди. Мактабгача таълим вазирлиги ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га изоҳ берди.

Кадр: Telegram / @mdokanal

Маълум қилинишича, видео юзасидан 2021 йилнинг 22 июнь куни вилоят мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати журналист суриштируви ўтказган. Суриштирув чоғида ижтимоий тармоқда ёритилган видиолавҳа 13-МТТ ҳамшираси Нигора Мамажонова томонидан 15 апрель куни яширин тарзда ёзиб олингани аниқланган.

«Бу ҳақда видеоҳавола тасвирида кўринган тарбиячи Н.П. ўз тушунтиришларида баён қилиб ўтган. Унга кўра, Н.М. хонага жуда оҳисталик билан кириб келган ва айни ўша пайтда тарбияланувчи дам олиши учун ажратилган ўринларнинг бирида ётган ёрдамчи тарбиячи Д.Ҳ.нинг хатти-ҳаракатларини яширин тасвирга туширган.

Д.Ҳ. тўғрисидаги суриштирувга кўра, бу шахснинг муқаддам мазкур ташкилотда ёрдамчи тарбиячи бўлиб ишлаганлиги, аммо, ҳозирда тумандаги Педагогика коллежи талабаси бўлганлиги боис, 2022 йилнинг 1 март кунидан ишдан четлатилганлиги маълум бўлган», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳозирда ташкилот учун бегона саналувчи Д.Ҳ. воқеа куни 13-сонли МТТ директори томонидан ҳақиқатан ҳам Санитария меёрлари ва қоидаларига зид равишда 1 кунга ўриндошлик асосида ишга руxсат берилган. Ташкилот директорининг бу ҳатти-ҳаракати учун тегишли мутахассислар томонидан бошқарма бошлиғи номига тушунтириш хати олинди ва интизомий чора қўлланган. Айни пайтда унинг фаолиятида йўл қўйилган хато ва камчиликларнинг бартараф этиш чоралари кўрилган.

Шунингдек, ўрганиш давомида ташкилотда 7 та куни узайтирилган, 4 та қисқа муддатли гурухлар мавжудлиги, уларда жами 220 нафар 3–7 ёшли бола тарбияланаётгани, мазкур гуруҳлар учун Санитария меёрлари ва қоидалари асосида жой ажратилганлиги, кийиниш, овқатланиш ва дам олиш жойлари алоҳидалиги аниқланган. Хусусан, ташкилотда ташкил этилган 4 та қисқа муддатли гуруҳ учун 2 та хона ажратилган. Мазкур хоналарда икки сменада иш ташкил этилганлиги кузатилган.

Хабарга кўра, Н.М. шахси билан учрашиш, у билан суҳбатлашишнинг имкони бўлмаган. Чунки у, бир неча кундан буён сабабсиз равишда ишга келмаётганлиги, уни ишга жалб этиш учун яшаш манзилига бир неча марта чақирув номалари жўнатилганлиги айтилган. Поп туман ИИБ профилактика нозири Илёс Меҳмоновга кўра, Н.М. устидан ИИБга киритилган шикоят махмунидаги мурожаат терговга қадар суриштирувда кўриб чиқилаётганлигини маълум қилган.

Кейинчалик, ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур видеоёзув бўйича тегишли чора (вазифасидан озод этиш) қўлланилган. Бундан норизо бўлган ходим вилоят фуқаролик судига ишга тиклаш тўғрисида даво аризаси киритган. Бироқ суд фуқаронинг ушбу аризасини қаноатлантиришни рад этган.

Аввалроқ Самарқанддаги мактаб-интернатда тарбияланувчиларнинг кўз ва юз қисмлари кўкаргани айтилган хабарга муносабат билдирилганди. Шунингдек, Фарғонада Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси вафот этгани айтилган ҳолат Сенат назоратига олингани маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: