0:00 | 27.08.22

                       

Шавкат Мирзиёев Украина президентига мамлакат Мустақиллиги куни муносабати билан табрик йўллади

Президент Украина билан муносабатлар бундан кейин ҳам ривожланиб боришига ишонч билдирган

Шавкат Мирзиёев 24 август куни Украина президенти Владимир Зеленский ва украин халқига мамлакат Мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан табрикнома юборди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Табрикномада давлат раҳбари Владимир Зеленский ва украин халқини Украина миллий байрами — Мустақиллик куни билан чин қалбидан табриклаши билдирилган.

«Шу ойда икки томонлама муносабатларимиз тарихидаги муҳим сана — дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаётганимизни ҳам мамнуният билан қайд этаман. Ҳеч шубҳа йўқки, анъанавий дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган Ўзбекистон–Украина муносабатлари биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли бундан кейин ҳам ривожланиб бораверади», дейилган табрикномада.

Президент, шунингдек, фурсатдан фойдаланиб, Украина президенти Владимир Зеленскийга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, масъулиятли давлат раҳбарлиги фаолиятида муваффақиятлар, дўст украин халқига тинчлик ва фаровонлик тилаган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси президенти Ориф Алвий ва бош вазири Шаҳбоз Шарифга ушбу мамлакат мустақиллигининг 75 йиллиги муносабати билан табрикномалар йўллаганди. Шунингдек, давлат раҳбари 1 август куни Швейцария Конфедерацияси президенти Иньяцио Кассисга миллий байрам — Швейцария Конфедерацияси ташкил топган кун муносабати билан табрик йўллаганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: