22:30 | 03.11.22

                       

Украинада электр таъминотидаги муаммолар туфайли туғилиш даражаси ўсиши мумкинлиги айтилди

Мамлакат энергетика инфратузилмасининг 40 фоизга яқини фалажланган

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Испаниянинг Cadena SER радиосига берган интервьюсида мамлакатдаги энергетика бўйича муаммолар демографик вазиятни яхшилашга ёрдам беришини айтди. Бу ҳақда «Экономика Сегодня» хабар берди.

Фото: «Smotrim.ru»

Таъкидланишича, Украинада электр билан боғлиқ муаммолар туфайли кўп одамлар уйида ўтиришга мажбур бўлмоқда. Бу эса туғилиш даражасининг ўсишига хизмат қилади. Ҳозирда мамлакат энергетика тизимининг 40 фоизга яқини ҳарбий ҳаракатлар оқибатида зарар кўрган.

Маълумот учун, Украина шаҳарларида 2022 йилнинг 20 октябридан бошлаб кўчаларни ёритиш тизимларида чеклов ўрнатилган. Бунга Россия томонидан Украина энергетика объектларига амалга оширилган ҳужумлар оқибатида тизимнинг зарар кўриши сабаб бўлгани айтилмоқда.

Киев мэри Виталий Кличко иситиш мавсуми бошланишидан олдин дўконлар, кафе ва ресторанлар эгаларидан турли пешлавҳаларни ёритишда электр энергиясини тежашга чақирган. Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Максим Марченко корхоналарда ҳам электр энергияси узилишини маълум қилган. Николаев вилоятида эса 20 октябрь куни кўчалардаги троллейбуслар сони 60 фоизга қисқартирилган ва светофорлар ўчирилган.

Эслатиб ўтамиз, 18 октябрь куни президент Владимир Зеленский Россия томонидан амалга оширилган ҳужумлар оқибатида Украинадаги учта электр станцияга шикаст етганини маълум қилган. 19 октябрь куни яна учта энергетика объектига зарбалар берилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: