18:55 | 12.01.23
Япония ташқи ишлар вазири ўринбосари бошчилигидаги делегация Самарқанд шаҳридаги тарихий ва маъданий объектларга саёҳат уюштирди. Саёҳат давомида халқларнинг урф-одатлари ҳамда анъаналари ўртасида ўхшашликлар мавжудлиги таъкидланди
Япония ташқи ишлар вазири ўринбосари Юми Ёсикава бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди. Бу ҳақда вилоят Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ташриф давомида меҳмонлар «Боқий шаҳар» этнографик боғи, Silk Road Samarkand туристик маркази, «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети билан яқиндан танишиб, Самарқанд шаҳрининг қадимий қисми бўйлаб саёҳат қилди.
«Ўзбекистон ва Япония халқларининг анъана, урф-одат ва менталитетлари ўртасида жуда кўп умумият ва ўхшашликлар мавжудлигини кузатиш мумкин», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги замонавий ҳамкорлик алоқалари 1992 йил 26 январь куни икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилгач ривож топа бошлади.
Шунингдек, ўтган давр мобайнида икки мамлакат ўртасида турли соҳаларда ўзаро ишончга асосланган алоқалар ўрнатилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Япония императори Ўзбекистон ҳукумати аъзосини олий даражадаги орден билан мукофотлаган эди. Шу билан бирга Япония Ўзбекистонда рақамлаштириш даражасини ошириши ва Ўзбекистондаги бир нечта тиббиёт муассасаларига 270 минг доллардан ортиқ маблағ ажратгани ҳақида маълум қилинганди.
Япония Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига авиарейслар йўлга қўйиши мумкин. Шунингдек, Ўзбекистон ва Япония ўртасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тўғрисида келишувларга ҳам эришилди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: