17:57 | 17.01.23

                       

Истанбулда шаҳардаги энг катта кутубхона очилди

Истанбулнинг Айюб Султон мавзесида ХVIII асрга мансуб собиқ Рами казармаси ўрнида Рами кутубхонаси очилди. Мазкур кутубхона Истанбулдаги энг катта ва Европанинг ўзига хос хусусиятларига эга саноқли кутубхоналар қаторидан жой олган

Истанбулнинг Айюб Султон мавзесида ХVIII асрга мансуб собиқ Рами казармаси ўрнида Рами кутубхонаси очилди. Бу ҳақда Туркия Туризм ва маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Туркия Туризм ва маданият вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, мазкур кутубхона Истанбулдаги энг катта ва Европанинг ўзига хос хусусиятларига эга саноқли кутубхоналар қаторидан жой олган.

Рами кампуси 4200 кишига мўлжалланган бўлиб, унда кўплаб бўлимлар, жумладан, болалар кутубхонаси, рақамли кутубхона, ёшлар кутубхонаси, катталар кутубхонаси ва турли ихтисослаштирилган кутубхоналар мавжуд. Шунингдек, мажмуада 24 соатлик ўқув заллари, болалар бўлими, гуруҳ ва индивидуал ўқув заллари ҳам мавжуд.

Шу билан бирга, Рами кутубхонаси Туркиянинг биринчи «Биосфера барқарор музейи сертификати»га ҳам эга. Кутубхона ҳар жиҳатдан барқарорлик тамойилларига, шу жумладан, реставрация техникаси ва инфратузилма тизимларига, маҳаллий маданий ҳаётни қўллаб-қувватловчи тузилмага ва ташриф буюрувчилар учун янги яшил майдонига тўлиқ мос келади. Бундан ташқари, кутубхона қадимий манбалар ва маълумотларни келажак авлодларга етказадиган тизимдир.

Фото: Туркия Туризм ва маданият вазирлиги матбуот хизмати

Кутубхона ўзининг хилма-хиллиги билан барча ёшдаги меҳмонларни ўзига жалб қилади. Бу бўлимда Туркия тарихи, тили ва маданияти, айниқса Отатурк тарихига оид асарлар билан бирга ижтимоий ва гуманитар фанлар соҳасида фаолият юритаётган тадқиқотчилар ва китобхонларга хизмат кўрсатадиган 20 мингдан ортиқ китоблардан иборат бой тўплам тақдим этилган.

Маълумот учун, Рами казармаси Усмонлилар империяси Султон Мустафо III (1757-1774) даврида вазир Рами Меҳмет Пошо томонидан қурилган. Республика даврида ҳам армияга хизмат қилган казармалардан 1960 йилларгача фаол фойдаланилган. Ҳозирда ушбу барак Туркиянинг энг асосий кутубхоналаридан бирига айлантирилди. Реставрация ишлари 2014 йилда бошланиб, 2023 йилда якунланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: