12:15 | 20.05.24

                       

Мирзиёев Иброҳим Раисий вафоти муносабати билан Эрон халқига таъзия билдирди

Шавкат Мирзиёев Эрон Президенти Иброҳим Раисий вафоти муносабати билан ушбу мамлакат Олий диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманеийга ҳамдардлик билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев Эрон шимолида юз берган фожиа оқибатида Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган шахсларнинг вафот этгани муносабати билан ушбу мамлакат Олий диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманеийга ҳамдардлик билдирди.

Мактубда, жумладан, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган Иброҳим Раисийнинг ёрқин хотираси халқларимиз қалбларида доимий сақланиб қолиши таъкидланади.

Давлатимиз раҳбари дўст Эрон халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этди.

Аввалроқ Бортида Эрон Президенти бўлган вертолёт ҳалокатга учрагани ҳақида хабар берилган эди. Бортда президентдан ташқари Эрон ташқи ишлар вазири Амир Абдуллаҳён ва Шарқий Озарбайжон губернатори Оятуллоҳ ал-Ҳошим бўлган. Иброҳим Раисий Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев билан учрашувдан қайтаётган бўлган. Давлат раҳбарлари Арас дарёсидаги тўғон очилиши маросимида иштирок этган.

Кейинроқ Эрон президенти Иброҳим Раисий вертолётининг ҳалокатга учраши оқибатида барча йўловчилар ва экипаж аъзолари ҳалок бўлгани эълон қилинди.

Маълумот учун, олий раҳнамо Хоманеийнинг розилиги билан президентнинг ваколатларини биринчи вице-президент Муҳаммад Мохбер ўз зиммасига олади. Эронда янги президентлик сайловлари 50 кун ичида ўтказилиши керак бўлади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: