22:48 | 04.03.24
Шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 137,3 трлн. сўмни ташкил қилди. Ушбу сарфланган харажатлар ўтган йилга нисбатан 17 фоизга ошди.
ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида дастлаб Президентнинг 9 февраль–1 март кунлари иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳалар ва маҳаллаларда олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Хоразм вилоятига қилган ташрифи давомида белгилаб берилган устувор вазифаларга тўхталиб ўтилди.
Таъкидланишича, давлат раҳбари ташриф доирасида «Хива кластер» МЧЖ тўқимачилик корхонаси ҳамда Урганч шаҳрида базальтдан маҳсулот ишлаб чиқараётган «Khorezm Insulation Group» қўшма корхонаси фаолияти билан танишди. Хива туманидаги Истиқлол маҳалласида бўлиб, аҳолининг яшаш шароитини кўздан кечирди.
Фаоллар йиғилишида вилоятда янги саноат, йирик корхоналарни ишга тушириш, тадбиркорликни янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳар қарич ерни, ҳар томчи сувни юқори ҳосилга айлантириш, бунда шоличилик, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантириш, вилоятнинг асосий драйверидан бири туризмни янги босқичга олиб чиқиш, уй-жой ва маҳалла инфратузилмасини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Фракция йиғилишида депутатлар, партия вакиллари, маҳаллий кенгаш депутатлари давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган барча вазифалар ижросини таъминлашда фаоллик кўрсатиши, парламент, жамоатчилик назорати тадбирларини олиб бориш муҳимлиги таъкидланди.
Шундан сўнг «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» давлат дастури ҳамда “Ўзбекистон – 2030″ стратегиясининг 2023 йилда бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди. Унда келтирилганидек, 2023 йилда давлат буджети жами харажатлари 281,1 трлн. сўмни ташкил этган. Бу 2022 йилга нисбатан 19 фоизга ўсган. Шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 137,3 трлн. сўмни ташкил қилди. Ушбу сарфланган харажатлар ўтган йилга нисбатан 17 фоизга ошди.
Шунингдек, жами 22,4 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, ўтган йилга нисбатан 1,9 баробарга ўсиш таъминланди. Фракция аъзолари дастур ижроси муҳокамаларига партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ёндашиб, қатор таклифларни билдирди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: