8:51 | 09.02.24

                       

2023 йилда кўрсатилган хизматлар ҳажми 470,3 трлн сўмни ташкил этди

Шаҳарларда кўрсатилган хизматлар ҳажми ошиб бораётган бўлсада, Тошкентда хизматларнинг концентрация даражаси ортиб бормоқда. Буни шаҳарларнинг соҳадаги улушининг қисқариб бораётганида кўришимиз мумкин. Хизматлар улушининг камайиши марказий шаҳарларда бошқаларига қараганда кўпроқ сезилган. Жумладан, сўнгги 5 йилликда мамлакат бўйича жами хизматлар ҳажмида марказий шаҳарларнинг улуши 3,1 фоиз бандга камайган бўлса, марказий бўлмаган шаҳарларда 0,2 фоиз бандга камайган.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари шаҳарларда хизматлар соҳасининг ривожланиш ҳолатини таҳлил қилди.

Ўзбекистонда 2023 йилда кўрсатилган хизматлар ҳажми 470,3 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 113,7 фоиз бўлди. Бунда республика ва вилоят бўйсунувидаги (32 та) шаҳарлар жами кўрсатилган хизматларнинг 62,1% ни (292,2 триллион сўм) таъминлаган. Бу шаҳарларда кўрсатилган хизматларнинг 66,1% Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади.

Аҳоли жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми Тошкент (64,4 миллион сўм), Урганч (33,2 миллион сўм) ва Навоий (30,6 миллион сўм) шаҳарларида энг юқори қийматларни ташкил этган бўлса, Қувасой (5,6 миллион сўм), Хива (6,7 миллион сўм), Шаҳрисабз (6,8 миллион сўм) ва Каттақўрғон (6,9 миллион сўм) шаҳарлари бу рейтингда охирги ўринлардан жой олади.

Таъкидланишича, Тошкентнинг хизматлар соҳасидаги улуши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Мамлакатда кўрсатилган хизматлар ҳажмида Тошкент шаҳрининг улуши 2019 йилги 33,9 фоиз (65,8 триллион сўм) дан 2023 йилда 41,1 фоиз (193,2 триллион сўм)га етди.

Сўнгги 5 йилликда Хива (2,4 баробар), Гулистон (2,3 баробар), Тошкент, Жиззах ва Навоий шаҳарлари (ҳар бирида 2,2 баробар) хизматлар ҳажмининг ўсиши бўйича етакчи бўлди. Ўсишнинг энг паст кўрсаткичлари Оҳангарон (1,3 баробар), Янгийўл (1,4 баробар), Бекобод, Янгиер ва Каттақўрғон (ҳар бирида 1,5 баробар) шаҳарларида кузатилди.

Шаҳарларда кўрсатилган хизматлар ҳажми ошиб бораётган бўлсада, Тошкентда хизматларнинг концентрация даражаси ортиб бормоқда. Буни шаҳарларнинг соҳадаги улушининг қисқариб бораётганида кўришимиз мумкин. Хизматлар улушининг камайиши марказий шаҳарларда (Нукус шаҳри ва вилоятларнинг маъмурий марказлари) бошқаларига қараганда кўпроқ сезилган. Жумладан, сўнгги 5 йилликда мамлакат бўйича жами хизматлар ҳажмида марказий шаҳарларнинг улуши 3,1 фоиз бандга (19,2 фоиздан 16,1 фоизга) камайган бўлса, марказий бўлмаган шаҳарларда 0,2 фоиз бандга камайган (5,2 фоиздан 5,0 фоизга).

«Миллионлик шаҳарлар»га айлантириш мақсад қилинган Самарқанд ва Наманган шаҳарларининг мамлакатда кўрсатилган жами хизматлардаги улуши сўнгги 5 йилликда сезиларли ўзгармаган бўлсада, 2022 йилга нисбатан кичик камайиш кузатилган.

Замонавий шаҳарларда хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг устувор тармоғи ҳисобланади. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида мақсад қилинган урбанизация даражасини 51 фоиздан 60 фоизга оширишда шаҳарларда хизматлар соҳасини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Бу эса, ўз навбатида, шаҳарларда замонавий бозор хизматлари, ИТ, таълим, тиббиёт, юридик, санъат, туризм, меҳмонхона ва умумий овқатланиш ҳамда транспорт хизматларини ривожлантиришни талаб этади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: