18:20 | 26.01.24

                       

2023 йилда Ўзбекистон фуқаролари қандай жиноятларни кўп содир этгани маълум бўлди

Олий суд ўтган йилда кўрилган жиноят ишлари бўйича маълумотларни очиқлади.

Ўзбекистонда фуқаролар томонидан 2023 йилда содир этилган жиноятлар юзасидан Олий суд маълумот берди.

Келтирилишича, ўтган йил давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 73 минг 797 нафар шахсга нисбатан 58 минг 418 та жиноят иши кўриб чиқилган. 1244 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинган. Судланган шахслар сони 55 минг 763 нафарни ташкил этиб, шундан 17 минг 396 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 37 минг 77 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланган, 1290 нафар шахс шартли ҳукм қилинган.

Судланган шахсларнинг 49 минг 297 нафари эркак, 6466 нафари аёл, 20 минг 922 нафари ёшлар (шу жумладан 1911 нафари вояга етмаган) ва 2123 нафари 60 ёшдан ошган шахслардир.

Шунингдек, 7362 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди, 33 минг 612 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 12 минг 286 нафарига тайинланган жазо енгил жазога алмаштирилди ва 13 минг 522 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.

Бундан ташқари, 272 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. Ҳисобот даврида кўрилган жиноят ишларнинг аксариятини фирибгарлик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўғрилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, қасддан баданга енгил шикаст етказиш, безорилик, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш ва пора бериш билан боғлиқ жиноятлар ташкил этади.

Маълум қилинишича, ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 14 минг 698 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган. Етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 8586 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган. Апелляция тартибида 15 минг 720 нафар шахсга нисбатан 10 минг 843 та жиноят иши кўриб чиқилди. 1715 нафар шахсга нисбатан биринчи инстансия судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 3556 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Шу билан бирга, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 5855 нафар шахсга нисбатан 5 130 та жиноят иши кўриб чиқилди. 1143 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 509 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди. Кассация инстансиясида 467 нафар шахсга нисбатан 402 та жиноят иши такроран кўриб чиқилди. 288 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 121 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.