23:35 | 23.02.24

                       

2024 йилда ёшларга 60,5 минг гектар ер ажратилади

Ажратилган ерлардан самарали фойдаланиш учун янги тартиб ўрнатилиши қайд этилди. Унга кўра, туман ҳокимлари ерни сув таъминоти яхши жойдан ажратишга масъул бўлади. Ҳар бир ёшга қанча майдон ажратиш бўйича «маҳалла еттилиги» таклиф беради.

Шавкат Мирзиёев 23 февраль куни ёшлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, аҳоли бандлигини таъминлашда қишлоқ хўжалигида имкониятлар кенг. Олдинги йилларда шу мақсадда 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, деҳқончилик учун одамларга бўлиб берилган эди. Бу йил яна 60 минг 500 гектар ер ёшларга ажратилиши белгиланган.

Бундан самарали фойдаланиш учун янги тартиб ўрнатилиши қайд этилди. Унга кўра, туман ҳокимлари ерни сув таъминоти яхши жойдан ажратишга масъул бўлади. Ҳар бир ёшга қанча майдон ажратиш бўйича «маҳалла еттилиги» таклиф беради. Ер олган ёшлар Агробанкнинг «Фермерлар мактаби»да ҳосилдор экспортбоп экинлар етиштиришга ўқитилади. Мини-техника, уруғ ва кўчатлар сотиб олишга «Ёшлар дафтари» жамғармаси ҳамда Фермерлар жамғармасидан субсидия ажратилади. Деҳқон ёшларга экспортчи ва қайта ишловчи тадбиркорлар кооперация асосида бириктирилади.

Бундан ташқари, мева-сабзавот кооперацияларига банклар орқали 2 миллиард сўмгача кредит ҳам берилади. Йиғилишда Ўзбекистон Президентининг шу йил 18 январдаги «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросига ҳам тўхталиб ўтилди. Мазкур фармонда 156 та туманда 15 минг 626 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари онлайн аукцион савдоларига чиқарилиши белгиланган. Давлат раҳбари ушбу ерларни аҳолига яқин, суви ва унумдорлиги яхши жойлардан ажратиб, кооперация асосида экспортбоп экинлар экиш муҳимлигини таъкидлади. Ҳокимларга қўшимча ерларни ўзлаштириб, иш ўринлари учун захира яратиб бориш вазифаси қўйилди. Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: