10:09 | 26.10.23

                       

Қирғизистон байроғи ўзгартирилиши мумкин

Мамлакат президенти бу таклифни қўллаб-қувватлаб, байроқдаги қуёш ҳақиқатан ҳам кунгабоқарга ўхшаб қолганини айтган.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлат байроғини ўзгартириш ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу ҳақда у маҳаллий «Кабар» нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: Wikipedia

Қайд этилишича, Жапаров қирғиз жамиятида байроқни ўзгартириш ҳақидаги фикр аввалдан бўлгани, улар буни байроқдаги қуёш рамзи кунгабоқарга ўхшаб қолгани билан изоҳлашини айтган.

«Тўғрисини айтсам, мустақилликка эришганимиздан бери биз ташқи дунёга қаттиқ қарам бўлиб қолдик. Демак, байроғимиз кўринишини қайта кўриб чиқиш вақти келгандир. Бундай амалиёт дунёнинг кўплаб мамлакатларида мавжуд бўлиб, давлат байроғи элементларига маълум ўзгартиришлар киритилган», дейди у.

Президентнинг айтишича, Қирғизистон депутатлари давлат байроғи концепциясига ўзгартириш киритишни эмас, шунчаки байроқдаги қуёш нурларини кунгабоқар билан таққосламаслик учун ўзгартиришни таклиф қилмоқда.

«Ростини айтсам, улар таклиф қилган вариант ҳам менга ёқмади. Бир камчилик бордек туюлди. Қуёш нурлари тиканларга ўхшарди. Бир кун олдин, мутахассислар билан маслаҳатлашгандан сўнг, улар бу масалани тузатдилар. Тузатилган версия ҳақиқатан ҳам қуёш нурларига ўхшайди.

Худо хоҳласа, шу вариант ўтиб кетса, бундан буён қарам бўлмаймиз. Бундан буён гўё қуёш порлаб, бизга табассум қилаётгандек бўлади. Мен ҳар қандай эътиқод ва хурофотлардан узоқман. Лекин, шунга қарамай, биз бундан кейин тундуқдан (қирғиз ўтовлари тепасидаги қуёш нурлари тушиб турадиган ва тутун чиқадиган очиқ жой) кириб келаётган байроғимиздаги қуёш нурларидек ривожланган ва мустақил давлат бўлиб қолишимизга умид қилишимиз керак», дейди Жапаров.

Фото: «Кабар»

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: