11:09 | 02.11.23

                       

Фарғонада пора эвазига «права» олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди

Шу каби ҳолат Жиззах вилоятида ҳам кузатилган.

Фарғона ва Жиззах вилоятларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилган. Бу ҳақда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қува туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Т.М.  икки нафар фуқарони юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун бўлиб ўтадиган тест синовларидан ўтказиб қўйиш эвазига 2 400 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек,  Департамент ҳамда ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Ватанпарвар» ташкилоти Бахмал ўқув-спорт техника клуби бошлиғи Х.Р. фуқаро З.З.га ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш эвазига 300 АҚШ доллари ва 310 минг сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ўтказилган терговга қадар текширувда давомида Х.Р. «Sh.А» МЧЖ автомактаби масъул шахслари билан ўзаро тил бириктириб, олти нафар фуқарога автомактабда ўқиганлиги ҳақида сохта ҳужжат расмийлаштириб берганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Қашқадарёда пора эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ушлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Бухорода ҳам пора эвазига ишга киритиб қўймоқчи бўлган фуқаро қўлга тушганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: