16:40 | 11.03.24
Таълим-тарбия борасидаги мажбуриятларни бажармаган тўрт минга яқин ота-оналар жаримага тортилган.
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Миллий гвардия ахборот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаров маълум қилди.
Унга кўра, Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ҳамкорлигида шу йилнинг 6-8 февраль кунлари дастлабки ўрганиш ишлари натижасида дарсларга сабабсиз 188 000 ўқувчи келмаганлиги аниқланган.
“Ҳозирда вилоятлар буйлаб олиб борилаётган манзилли ишлар доирасида туман ва маҳаллалар кесимида ҳар бир мактаб ўрганилмоқда ва унда дарсга келмаган 146 277 ўқувчидан 96 708 нафари (1,5%) касал ва жавоб сўраганлар, 49 569 нафари (0,8%) дарсга сабабсиз келмаганларни ташкил қилади.
Шунингдек, таълим-тарбия борасидаги мажбуриятларни бажармаган 124 минг нафар ота-оналар расмий огохлантирилди, тўрт минга яқинига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига кўра маъмурий чора кўрилди”, — деди Даврон Жуманазаров.
6 февраль кунидан 7 март кунига қадар Янги тизимда амалга оширилган ишлар натижасида, 1 млн. 769 минг нафар ўқувчи мактабларга қайтарилган. Ҳозирда республика буйича давомат 97,7 фоизга етган.
Маълумот ўрнида, 5 февраль куни ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказган Давлат раҳбари иштирокидаги видеоселектор йиғилишида, мактаблардаги тарбия ва маънавият масаласига алоҳида урғу берилиб, дарслардаги давомат 70% ни ташкил этаётгани ва ўтган йили мактаб ўқувчилари ўртасида 2 минг 280 та жиноят содир этилганига танқидий баҳо берилган эди.
Шу боис ушбу соҳада янги тизим жорий этилиб, Миллий гвардияга ўқувчиларнинг давоматини яхшилашга кўмаклашиш ва бошқа бир қатор аниқ вазифалар белгилаб берилган.